Ўзбекистон терма жамоаси Ислом бирдамлиги ўйинларида 158 та медаль билан иккинчи ўринни эгаллади. Мусобақанинг сўнгги кунида спортчилар 24 та — 5 та олтин, 8 та кумуш ва 11 та бронза медалини қўлга киритди.

Кикбоксинг

Ислом бирдамлиги ўйинларида Мавлон Муҳаммаджонов -54 кг вазн тоифасида кикбоксинг бўйича Ўзбекистон терма жамоасига дастлабки олтин медални олиб келди. У финалда озарбайжонлик спортчи устидан ғалабага эришди.


-75 кг вазн тоифасида жанг қилган Маҳмуд Ҳаётов кикбокснинг фул контакт йўналишида ғолиб бўлди. Ҳаётов финалда озарбайжонлик спортчидан устун келиб, олтин медалга сазовор бўлди.


Спортчилардан Жуманазар Наврўзов, Жамолиддин Носиров, Назарбек Маҳмудов, Фахриддин Эминов, Мурод Азимов, Маҳлиё Абдуманнопова, Робия Қўчқоровалар беллашувларда финалгача етиб бориб, якунда кумуш медал билан тақдирланди.

Кикбоксинг бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзоларидан ўз вазн тоифаларида ярим финалгача етиб борган Муниса Қорабоева, Дилрабо Тоирова, Шириной Зоҳидова, Гулсанам Акмалжонова ҳамда эркаклар терма жамоасидан Ҳусанжон Баратов, Нурбек Урушбоев, Давлатбек Райимжонов, Муҳаммад Юсуф Ғаниев, Лазиз Бекматов, Шерали Мусоев, Олимжон Султоновлар делегация ҳисобига бронза медалларини олиб келишди.

Спорт гимнастикаси

Бир кун аввал учликда кумуш медални қўлга киритган 47 ёшли Оксана Чусовитина спорт гимнатикасининг таяниб сакраш дастурида олтин медалга сазовор бўлди.


Дилдора Арипова спорт гимнастикасининг тўсинда ижро этиладиган дастурида биринчи ўринни қўлга киритиб, олтин медалга эга бўлди.


Ислом бирдамлиги ўйинларининг спорт гимнастикаси беллашувларида Оминахон Ҳалилова эркин дастурда иккинчи натижани қайд этиб, делегацияга кумуш медални тақдим қилди.


Каратэ

Каратэ баҳсларининг иккинчи кунида -61 кг вазн тоифасида иштирок этган Зулхумор Турсуналиева биринчи ўринни қўлга киритди. У финалда туркиялик рақибасини мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Ислом бирдамлиги ўйинлари якунига кўра, Туркия терма жамоаси 145 та олтин, 107 та кумуш ва 89 та бронза — 341 та медаль билан биринчи, Ўзбекистон термаси 51 та олтин, 42 та кумуш ва 65 та бронза — жами 158 та медаль билан иккинчи, Эрон эса 39 та олтин, 44 та кумуш ва 50 та бронза — 133 та медаль билан учинчи ўринни эгаллади. Қўшни давлатлар — Қозоғистон 89 та медаль билан бешинчи, Қирғизистон 31 та медаль билан тўққизинчи, Туркманистон 23 та медаль билан ўн иккинчи ва Тожикистон 8 та медаль билан турнирни 29-ўринда якунлади.

18 август куни ўйинларнинг ёпилиш маросими ўтказилди. Навбатдаги Ислом бирдамлиги ўйинларига 2025 йилда Камерун пойтахти Яунде шаҳри мезбонлик қилади.

Фото