Давлат активларини бошқариш агентлиги Uzbekistan Airways`нинг айрим самолётларини сотиш юзасидан профессионал консалтинг компаниясини жалб қилиш тўғрисида эълон берди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, активлар — 18 та самолёт ва 1 та симулятор бўлиб, улар 6 та лотга бўлинган тартибда сотувга чиқарилади.

«Шу билан бирга, консультантнинг тавсиялари асосида бозор талаблари ва таҳлил натижаларига мувофиқ лотлар таркиби ўзгартирилиши мумкин», — дейилади хабарда.


Бундан ташқари, танлов иштирокчилари ҳеч нарсага ишониб ва боғланиб қолишлари керак эмаслиги, танлов жараёни билан боғлиқликда буюртмачи учун дастлабки тақдимот ва таклифларни тайёрлаш мақсадида ягона чеклов бундан мустаснолиги қайд этилган.

«Сотиш жараёни ҳаво кемалари бозорининг тармоқ ва индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон қонунчилиги талабларини ҳисобга олган ҳолда энг мақбул хорижий тажрибага мувофиқ ташкил этилиши лозим. Сотувчининг тўғри қарор қабул қилиш учун „Катта тўртлик“ (BIG 4) халқаро баҳолаш компаниялари томонидан тайёрланган активнинг баҳоланган қиймати тўғрисидаги ҳисоботи инобатга олинади», — дея қайд этилади эълонда.

Консультант мазкур хизматларини амалга оширишда етарли тажрибага эга эканлигини намойиш қилиши ва белгиланган вазифаларни бажариш учун тайинланган асосий жамоа аъзоларини тақдим этиши керак бўлади.

Тўловлар ҳар бир лот сотилганидан кейингина амалга оширилиши белгиланган.

Талабгорлар тижорат таклифларни 29 август соат 18:00 га қадар тақдим этишлари мумкин.