Ижтимоий тармоқларда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ табиий газ етказиб бериш тўхтатилиши мумкинлиги тўғрисида истеъмолчиларга SMS-хабарнома юбораётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалмоқда. «Газета.uz» мухбири мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида компания матбуот котиби Меҳрибон Маметовадан изоҳ олди.

Унинг сўзларига кўра, «Ҳудудгаз рақамлаштириш» филиали ходимлари томонидан «HGT Servise» дастурий таъминоти ишлаб чиқилган. Ушбу дастур газ ускуналарининг ҳолати ҳақида батафсил маълумотларни масофадан йиғиш ҳамда ҳар бир абонент бўйича табиий ва суюлтирилган газдан оқилона фойдаланишни назорат қилиш имконини беради.

«Мазкур дастур газ ускуналарини кундалик ҳаётда ишлатишда истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлаш, газ таъминоти тизими ходимлари томонидан газ жиҳозларига техник ва профилактик хизмат кўрсатиш бўйича мажбурий хизматлар сифатини баҳолаш ҳамда ўзаро ҳисоб-китобларни нақд пулсиз амалга оширишга қаратилган», — деди Меҳрибон Маметова.

Янги дастурий таъминотга абонентнинг шахсий маълумотлари, хонадон геолокацияси ва телефон рақами, истеъмолчида маиший газ ускуналарининг мавжудлиги ва уларнинг техник ҳолати тўғрисида маълумотлар киритилган.

Дастурнинг яна бир хусусияти шундаки, у хизмат сифатини баҳолаш ёки шахсий кабинет орқали истеъмолчининг шикоятини узатиш имкониятига эга, дейилади хабарда.

«HGT Servise» дастури газ етказиб берувчи ва истеъмолчи ўртасида газ ускуналарига профилактик ва техник хизмат кўрсатиш бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солиш ва уларни нақд пулсиз амалга оширишга имкон беради. Кўрсатилган сервис хизматлар учун тўлов (инвойс) SMS орқали онлайн режимида тақдим этилади ва бу хабар хизмат тугагандан сўнг дарҳол истеъмолчининг телефонига юборилади.

Қайд этилишича, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистонда ҳовли уйларда газ жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш даврийлиги йилига камида бир марта, кўп қаватли уйларда — икки йилда бир марта этиб белгиланган.

«Ҳудудгазтаъминот» шу ўринда истеъмолчиларга газ таъминоти юқори хавфга эга бўлган соҳа эканлигини, газдан фойдаланиш алоҳида эътибор талаб қилишини ҳамда газ жиҳозлари доимий профилактика ва техник хизматга муҳтож эканлигини эслатиб ўтди.

Меҳрибон Маметованинг қўшимча қилишича, истеъмолчининг хоҳишига кўра, газ таъминоти ташкилотлари ходимлари 1104 қисқа рақами ёки истеъмолчининг шахсий кабинети орқали газ таъминоти соҳасида қўшимча хизматлар кўрсатиши мумкин.