Ҳукуматнинг 16 августдаги [451-сон] қарори билан «Оилавий болалар уйлари тўғрисида»ги низом тасдиқланди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Ҳужжатга кўра, оилавий болалар уйи туман (шаҳар) ҳокими қарори билан ташкил этилади. Болаларни оилавий тарбияга олиш истагида бўлганлар ҳокимликка ариза беради. Бунда никоҳдан ўтган, 35 ёшдан 60 ёшгача фуқаролар тутинган ота-она бўлиши мумкин.

Шунингдек, оилавий тарбиялаш учун туғилганидан бошлаб 18 ёшгача бўлган болалар берилади. 10 ёшга тўлган ва ундан юқори ёшдаги болаларни оилавий болалар уйига фақат уларнинг розилиги билан бериш мумкин.

Оилавий болалар уйига тарбиялаш учун 3 ёшдан камида 3 нафар, лекин кўпи билан 5 нафар бола берилади. Оилавий болалар уйидаги тарбияланувчиларнинг яшаш харажатлари Давлат бюджетидан қопланади.

Низомга мувофиқ, тутинган ота-оналарга ҳар бир тарбияланувчи боланинг яшаш харажатлари учун ҳар ойда 7 ёшгача болаларга БҲМнинг 5 баравари (1,5 млн сўм), 8−18 ёшдагилар учун БҲМнинг 7 баравари (2,1 млн сўм) миқдорида пул ажратилади.

Қўшимча равишда, Президентнинг 5 августдаги [ПҚ-345-сон] қарори билан оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларга Давлат бюджетидан маблағ ажратилиши белгилаб берилди.

Шунингдек, Миллий Гвардия ҳамда Халқ таълим вазирлиги билан ҳамкорликда оилавий болалар уйларини ташкил қилмоқчи бўлган фуқаролар учун тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари ташкил этилади.