«Тошкент» Республика фонд биржаси Грузия фуқароси Гиоргий Паресишвилини биржа бошқаруви раиси лавозимига жалб қилди, деб хабар қилди биржа матбуот хизмати.

Гиоргий Паресишвили 2014 йилдан буён Грузия фонд биржаси раҳбари, айни пайтда Грузия Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси Кузатув кенгаши раиси лавозимида ҳам ишлаб келмоқда.

Унинг асосий вазифалари маҳаллий фонд бозорини капитал бозорининг халқаро инфратузилмасига интеграциялашуви, шунингдек, маҳаллий акциядорлик жамиятларига IPO ва SPO ўтказишга кўмаклашишдан иборат бўлади. Шунингдек, янги раиснинг вазифалари қаторига қуйидагилар киради: иш самарадорлигини ошириш, илғор халқаро тажрибалар асосида листинг ва савдо қоидаларига тавсиялар бериш, листингга киритилган компаниялар сонини кўпайтириш, IT комплекси ва бошқа инфратузилмаларни такомиллаштириш бўйича тегишли бозор иштирокчилари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва бошқалар.

Гиоргий Паресишвили банк ва капитал бозорларида 27 йиллик тажрибага эга. 1995 йилда Тбилиси Давлат университети иқтисод факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Тбилисидаги «Абсолют Банк»да бошлаган. 2000−2002 йилларда у Мичиган университети қошидаги Стивен Росс бизнес мактабида таҳсил олган ва Бизнес бошқаруви магистри (MBA) даражасини олган. 2000−2005 йилларда Лондон ва Нью-Йоркда Швейцариянинг энг йирик молиявий конгломерати Credit Suisse инвестиция банкининг бўлими ҳисобланган Credit Suisse First Boston`да ишлаган.

2005 йилдан бери Гиорги Паресишвили Грузиянинг Bank Republic (Societe Generale Group) Liberty Bank, Bank of Georgia ва бошқа каби етакчи банкларида юқори лавозимларда ишлаган, шунингдек, Грузиянинг Galt and Taggart Securities инвестиция банкининг бошқарувчи директори лавозимларида фаолият кўрсатган.