Конья (Туркия) шаҳрида бўлиб ўтаётган Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари яна 50 та медални қўлга киритди.

-89 кг вазн тоифасида иштирок этган оғир атлетикачи Сарварбек Зафаржонов даст кўтаришда (167 кг) ва силтаб кўтаришда (199 кг) ҳамда икки курашда 366 кг натижа билан Ислом бирдамлиги ўйинларида мутлақ чемпионга айланди.

20 ёшли оғир атлетикачи Турсуна Жабборова (-87 кг) ҳам мутлақ чемпион бўлди. У барча йўналиш бўйича (даст кўтаришда — 109 кг, силтаб кўтаришда — 126 кг, икки курашда — 235 кг) олтин медални қўлга киритганидан ташқари, Ислом бирдамлиги ўйинлари рекордчисига ҳам айланди.

Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакили Муҳаммад Юсуф Асранов финалда туркиялик спортчини мағлуб этиб, эркаклар ўртасидаги баҳсларда илк олтин медални қўлга киритди.

Оғир атлетикачи Адҳамжон Эргашев -67 кг вазн тоифасида даст кўтаришда 141 кг натижа билан, икки курашда 314 (141+173) килограмм натижа билан олтин, силтаб кўтаришда кумуш медалга эга чиқди.

-87 кг вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик юнон-рум курашчиси Жалгасбай Бердимуратов эронлик Рамин Солтанмуродни 11:2 ҳисобида мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди.

Ольга Забелинская велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича гуруҳ пойгасида (91 км) ҳам ғолиб бўлиб, Ислом бирдамлиги ўйинларида ўзининг учинчи олтин медалини қўлга киритди.

Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Муҳаммадқодир Тоштемиров (-81 кг) даст кўтаришда 164 кг натижа билан биринчи ўринни эгаллади ва олтин медалга сазовор бўлди. У икки курашда (354 кг) бронза медалига эга бўлди.


Бзюдо баҳсларида Жаҳонгир Маматраҳимов -90 кг вазн тоифасидаги олтин медални қўлга киритди.

38 ёшли юнон-рум курашчиси Рустам Ассакалов (-97 кг) финалда қирғизистонлик спортчи Узур Жусупбековни мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Ўзбекистонлик енгил атлетикачи Анвар Анваров узунликка сакрашда 8,01 метр натижа билан биринчи ўринни эгаллаб, олтин медални қўлга киритди.

Ўзбекистонлик таеквондочилар терма жамоамиз ҳисобига иккита олтин медал келтирди. Феруза Содиқова финалда эронлик спортчини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медалга эга бўлди. Светлана Осипова (+73 кг) эса иккинчи олтин медални олиб келди.

Велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича гуруҳ босқичида (91 км) иккинчи ўринни ҳам ўзбекистонлик спортчи — Маргарита Мисюрина қўлга киритди ва терма жамоа ҳисобига яна бир кумуш медаль қўшилди.

Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакили Таҳмина Икромова тасма билан машқда 33,650 балл тўплаган ҳолда олтин, тўп билан машқда кумуш медални қўлга киритди.

Шаҳзода Ибрагимова, Наргиза Жуманиёзов, Нилуфар Аъзамова, Мумтозабону Исхоқзода ва Мария Пак 34,750 балл тўплаб, биринчи ўринни эгаллаб, «олтин»га сазовор бўлди.

Ўзбекистонлик гимнастикачилар Тахмина Икромова, Сабина Ташкенбаева ва Ясмина Раҳимова 248,500 балл тўплаб, умумжамоа дастурида иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медални қўлга киритди.

Гуруҳ машқларидаги икки кураш дастурида 62,550 балл ва гуруҳ машқларида (3 та лента, 2 та тўп) гимнастикачилар кумуш медални қўлга киритди.


Тахмина Икромова булава ва тасма машқларида кумуш, Сабина Ташкенбаева булава дастурида бронза медалини қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида 4×100 масофага эркин усулда сузиш бўйича эстафета баҳсларида ўзбекистонлик сузувчилар кумуш медалга сазовор бўлди.

Терма жамоа ҳисобига яна бир «кумуш»ни ўзбекистонлик спортчи Алексей Тарасенко 200 метр масофага эркин усулда сузиш бўйича 1:50,01 натижа билан қўшиб қўйди. Бу унинг ушбу мусобақалардаги иккинчи кумуш медалидир.

Яна бир оғир атлетикачи Достон Ёқубов -67 вазн тоифасида иштирок этиб, икки курашда 305 (134+171) кг натижа кўрсатиб, иккинчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Суннатила Ўсаров (-96 кг) икки курашда иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медални қўлга киритди. У Силтаб кўтаришда 164 кг натижа қайд этди ҳамда даст кўтаришда 190 кг натижа билан бронза медалига эга бўлди.

-55 вазн тоифасида иштирок этаётган юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Жасур Ортиқбоев финалда озарбайжонлик курашчи — 2018 йилги жаҳон чемпиони Элдан Азизлига имкониятни бой бериб, иккинчи ўринни эгаллади ва кумуш медални қўлга киритди.

Аёллар курашида -55 кг вазн тоифасида Шоҳида Аҳмедова ҳал қилувчи баҳсда туркиялик спортчига имкониятни бой бериб, кумуш медалга эга бўлди.

Юнон-рум кураши бўйича ўзбекистонлик Муҳаммадқодир Юсупов (-60 кг) ва Аброр Отабоев (-67 кг) терма жамоа ҳисобига бронза медалларини қўшиб қўйди.

Кураш баҳсларида Мирзобек Раҳматов (-72 кг) ва Муҳаммадқодир Расулов (-82 кг) терма жамоа ҳисобига бронза медалларини олиб келди.

-74 кг вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик таэквондочи Жасур Жайсунов учинчи ўринни эгаллаб, терма жамоа ҳисобига бронза медалини келтирди.

Сузиш баҳсларида ўзбекистонлик Егор Петряков 400 метрга эркин усулда сузишда (4:01,06 дақиқа) учинчи ўринни эгаллади. Баттерфляй усулида сузиш бўйича ҳам ўзбекистонлик Элдорбек Усмонов 53,79 сония натижа билан бронза медалига сазовор бўлди.

Ўзбекистонлик Афсона Ниязова, Алёна Василева, Ситора Одилова ҳамда Уляна Низмутдинова 4х200 метрга эркин усулда сузиш бўйича эстафета йўналишида 9:09.67 дақиқа билан бронза медалга сазовор бўлди.

Оғир атлетикачи Нигора Сувонова даст кўтаришда 93 кг, Ригина Адашбаева эса 99 кг тошни даст кўтаришда бронза медалларини терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйди.

Қиличбозлар Илёс Молина ва Дониёр Саъдуллаев ҳам рапира баҳсларида бронза медалини қўлга киритди.

Ўзбекистонлик яна бир оғир атлетикачи Шарофиддин Амриддинов (-102 кг) даст кўтаришда 172 кг тош кўтариб, бронза медалига сазовор бўлди.