Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторларига Давлат экология қўмитаси томонидан юритиладиган «Яшил макон» ва бошқа платформалардан фойдаланиш имкониятини яратилади. Бу президентнинг 11 августдаги фармонида акс эттирилган.

Ҳужжатга кўра, ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторларига маҳаллаларда экологик назоратни амалга ошириш бўйича қуйидаги вазифа ва ваколатларни бериш орқали «Экологик патруль» ишлаш тизимини кенгайтирилади:

  • маҳаллаларда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланишга доир ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, шунингдек, браконьерликка қарши курашиш;
  • экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланишга доир ҳуқуқбузарликлар ҳамда браконьерликка қарши курашиш бўйича бевосита маъмурий жавобгарликка тортиш ва терговга қадар текширувни амалга ошириш.

Ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторлари, Патруль-пост хизмати ходимлари ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилиши натижасида жарима сифатида ундирилган маблағларнинг 30 фоизи миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Бундан ташқари, Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари ҳам экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик ҳолатларини аниқлаши ва зарур чоралар кўриши натижаларига кўра пул мукофотлари билан рағбатлантирилади.