Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтаётган Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси спортнинг турли йўналишлари бўйича яна 14 та медални қўлга киритди, деб хабар берди Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Суҳроб Хўжаев босқон улоқтириш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига олтин медални қўшиб қўйди. У 71,87 метр натижа билан биринчи ўринни эгаллади.

Эркин курашчи Жаҳонгирмирза Туропов -61 кг вазн тоифасида иштирок этиб, финалда озарбайжонлик спортчини мағлубиятга учратди ва олтин медалга сазовор бўлди.

Яна бир олтин медални пара енгил атлетика вакили Омадбек Ҳасанов баландликка сакраш мусобақаларида (Т47) қўлга киритди. У 1,91 метр натижа билан биринчи ўринни эгаллади.

-80 кг вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик таэквондочи Шуҳрат Салаев финалда туркиялик спортчини мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Бу Ўзбекистон таэквондо WТ терма жамоаси учун иккинчи олтин медалдир.

Ўзбекистонлик спортчи Сафина Саъдуллаева баландликка сакрашда энг яхши натижа — 1,97 метр билан олтин медални қўлга киритди. Бу унга шахсий кўрсаткичини яхшилаш имконини ҳам берди.

Яна бир ўзбекистонлик спортчи Светлана Радзивил худди шу йўналишда 1,87 метр баландликни қайд этиб, кумуш медаль совриндори бўлди.

Яқинда Колумбияда бўлиб ўтган енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритган 15 ёшли Шарифа Давронова Ислом бирдамлиги ўйинларида кумуш медалга сазовор бўлди. Спортчи уч ҳатлаб сакрашда 14,30 метр натижа кўрсатди.

Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, энг яхши натижа (14,41 метр) кўрсатиб, биринчи ўринни эгаллаган туркиялик спортчи Туғба Данишмас қизил чизиқни кесиб ўтди. Тасвирни қайта кўриш орқали спортчи ҳақиқатан ҳам техник хатога йўл қўйгани маълум бўлди ва унинг натижаси бекор қилинди. Шу тариқа, Шарифа Давронова биринчи ўринни эгаллаб, олтин медални қўлга киритди.

Аёллар кураши баҳсларида -53 кг вазн тоифасида иштирок этган Актенге Кеунимжаева делегация ҳисобига кумуш медални тақдим этди. У финалда озарбайжонлик рақибига имкониятни бой бериб қўйди.

Таэквондочи Зуҳра Тожиматова -46 кг вазн тоифасида бронза медални қўлга киритди. У ярим финалда озарбайжонлик спортчига мағлуб бўлди.

Стол тенниси бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Туркия термасига имкониятни бой бериб, бронза медалига сазовор бўлди.

Эркин кураш вакили Бекзод Абдураҳмонов исроиллик спортчини 34 сонияда мағлуб этиб, бронза медалини қўлга киритди.

Ўзбекистонлик бадиий гимнастикачи Расулжон Абдураҳимов Ислом бирдамлиги ўйинларида учинчи совринини қўлга киритди. У параллел тўсинда ўтган машқда 14.400 балл тўплаб, бронза медалига сазовор бўлди. Бунгача Абдураҳимов жамоавий чиқишларда иккинчи, яккакураш дастурида учинчи ўринни эгаллаган.

Яна иккита бронза медални ўзбекистонлик эркин курашчилар қўлга киритди. Бобур Исломов (-92 кг) қирғизистонлик рақибини, Ҳасанбой Раҳимов (-125 кг) туркманистонлик спортчини мағлубиятга учратди.

Маълумот учун, Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 21 та медални қўлга киритгани ҳақида хабар берилган эди.