9−18 август кунлари Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтаётган Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси спортнинг турли йўналишлари бўйича яна 21 та медални қўлга киритди, деб хабар берди Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати.

Таэквондо бўйича Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Улуғбек Рашитов -68 кг вазн тоифасида озарбайжонлик Жавад Ағаевни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси — эркин курашчи Ғуломжон Абдуллаев (-57 кг) финалда қирғизистонлик рақибини 10:0 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди.

Парасузувчи Азизбек Бойназаров тўртта — 100 метрга баттерфляй ва 200 метрга комплекс усулида сузишда олтин, 100 метрга чалқанча усулда сузишда кумуш ва 100 метрга брасс усулида сузишда бронза медалларига сазовор бўлди.

Ольга Забелинская велоспортнинг шоссе йўналишида ҳам бош мукофотни қўлга киритди.

Янина Кускова эса шосседа иккинчи ўринни эгаллади.

Спорт гимнастикаси баҳсларида кўпкураш бўйича жамоавий дастурда иштирок этган Расулжон Абдураҳимов, Абдулла Азимов ва Ҳабибулло Эргашев Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига кумуш медални олиб келди. Расулжон Абдураҳимов бадиий гимнастика бўйича кўпкураш дастурида қатнашиб, бронза медалини қўлга киритди.

Парасузувчи Бахтиёр Ортиқов 50 метрга чалқанча усулда сузиш беллашувида кумуш медалга лойиқ деб топилди.

Енгил атлетиканинг 400 метрга югуриш дастурида Фарида Солиева 54.07 натижа билан кумуш медални қўлга киритди.

Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига яна бир кумуш медални аёллар ўртасидаги курашда -59 кг вазнда Жасмина Иммаева олиб келди.

Ушбу спорт турида ўзбекистонлик яна бир спортчи -59 кг вазн тоифасида Дилфуза Аимбетова бронза медалини қўлга киритди.

Эркаклар ўртасидаги эркин курашда -66 кг вазнда Ихтиёр Наврўзов учинчи ўрин учун баҳсда Исроил вакилини мағлуб этиб, бронза медалига эга бўлди.

Найза улоқтириш баҳсларида Наргиза Қўчқорова 56.08 метр натижа билан бронза медалига сазовор бўлди.

-63 кг вазн тоифасидаги таэквондо беллашувларида Ниёз Пўлатов ярим финалда марокашлик Абделбассет Васфига имкониятни бой берди ва бронза медалини қўлга киритди.

Аёллар ўртасидаги таэквондо баҳсларида Чарос Қаюмова -53 кг вазн тоифасида бронза медалига сазовор бўлди.

Узунликка сакрашда Роксана Худоёрова 6.32 метр натижа билан бронза медални қўлга киритди.

Яна бир бронза медалини эркин кураш бўйича мусобақаларда Магомед Ибрагимов (-97 кг) олиб келди. У учинчи ўрин учун баҳсда туркманистонлик полвонни мағлуб этди.

Алексей Фомовский велошосседа учинчи ўринни эгаллаб, бронза медални қўлга киритди.

Аввалроқ Ўзбекистон велоспортчилари бешта — Ольга Забелинская олтин, Янина Кускова иккита кумуш, Алексей Фомовский ва София Каримова бронза медалларини қўлга киритганди.