Президент Шавкат Мирзиёев 12 август куни Бекобод шаҳридаги Ўзбекистон металлургия комбинатини бориб кўрди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Комбинатда 11 минг киши ишлайди. Корхонанинг фаолиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, янги цехлар ишга туширилди, борлари модернизация қилинди, дейилади хабарда.


Презиент ҳали ишга тушмаган қуюв прокат мажмуасининг қурилиш майдонида ҳам бўлди. Ҳозир унинг темир ва автомобиль йўли қурилиши якунланиб, темир-бетон конструкциялари ўрнатилмоқда. Мажмуага зарур ускуналар Италиянинг «Danieli» компаниясидан келтириляпди. Уни 2024 йилда ишга тушириш режалаштирилган.

672 млн евролик ушбу лойиҳа натижасида йилига 1 млн тонна пўлат листлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мазкур лойиҳа ишга тушгач, комбинат қувватлари 2 бараварга ошади, дейилади хабарда.


Президент қурилишн жадаллаштириш ва корхонани кафолатланган хомашё билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ўз вақтида бу комбинат учун 800−900 минг тонна иккиламчи қора металлни қайта ишлаш етарли эди. Лекин бугунги кунда иқтисодиётда қора металлга бўлган талаб 4 млн тонна. Унинг ҳам 50 фоизи импорт ҳисобидан қопланмоқда. Шунинг учун корхонани тезроқ ишга тушириш иқтисодиётга катта манфаат беради.

Қолаверса, давлат раҳбари қарийб 5 млн долларлик лойиҳа эвазига бу ерга хориждан термо-мустаҳкамлаш линияси келтирилиб, жорий йил февралда ишга туширилган навли прокат мажмуасини кўздан кечирди. Лойиҳа сабаб йилига 500 минг тонна A500-A800 маркали арматура ишлаб чиқариш қуввати яратилди.


Аввало, термо-мустаҳкамлаш жараёнида кимёвий моддалар тежалгани ҳисобига арматура таннархи камайган. Йилига 300 млн долларлик импорт ўрнини тўлдириш ҳисоб-китоб қилинган. Яна бир муҳим жиҳати, бу арматура халқаро DIN стандарти сертификатини қўлга киритган. Энди ушбу маҳсулотни Европага экспорт қилиш режалаштирилган.