Давлат активларини бошқариш агентлиги тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, «Dori-Darmon» AЖ устав капиталидаги 51 фоиз акциялар пакетини сотиш учун профессионал консалтинг компанияси танлаб олиниши юзасидан танлов эълон қилди. Бу хақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Барча қизиқиш билдирган талабгорлардан таклиф тақдим этиш учун сўровномага (RfP) асосан тижорат таклифларини жорий йил 27 август куни соат 18:00 га қадар тақдим этишлари мумкин.

Агар, биргаликда қўшма тижорат таклифи тақдим этилса, жалб қилинган шерик-консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрсатилиши лозим.

Компания ҳақида

Маълумот ўрнида, «Dori-Darmon»  — Ўзбекистондаги жадал ривожланаётган фармацевтика бозоридаги етакчи улгуржи ва чакана савдо компанияси ҳисобланади.

Жамиятнинг ҳудудий бўлинмалари мавжуд бўлиб, улар таркибига 7 та акциядорлик жамияти ва 14 та масъулияти чекланган жамият, жумладан, 17 та омборхона, 15 та таҳлил лабораторияси киради.

2021-йил якунига кўра, компания 402,1 млрд. сўм соф тушум ва 32,6 миллиард сўм соф фойда олган.