Ҳукуматнинг 3 августдаги [427-сон] қарори билан Алимент тўловлари жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, қайси ҳолатда болаларга Алимент тўловлари жамғармасидан алимент тўлаш тартиби белгилаб берилди. Президентнинг 7 мартдаги [ПФ-87-сон] фармони билан ушбу мақсадлар учун жамғармага 50 млрд сўм ажратилиши белгиланганди.

Низомга кўра, Жамғарма маблағлари вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган қарздорга нисбатан татбиқ этилади. Бунда ушбу жиноят натижасида етказилган зарарни қоплаб бериш учун жамғарма маблағларидан ундирувчига бирйўла тўланади.

Алимент тўловларини қоплаб бериш учун мажбурий ижро ҳаракатини амалга оширган давлат ижрочисининг алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарори асос бўлиб ҳисобланади.️

Алимент тўловлари қарор олинган кундан бошлаб 2 иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда амалга оширилади.

Жамғарма маблағлари алимент тўловларини қоплаб бериш учун етарли бўлмаган тақдирда, алимент тўловлари маблағлар келиб тушган кундан бошлаб қопланади.

Давлат ижрочиси жамғармадан қопланган алимент тўловлари бўйича қарздордан маблағларни қайтариш бўйича ижро ҳаракатларини амалга оширади.

Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари бюджетга олиб қўйилмайди ва улардан кейинги даврда фойдаланилади.

Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда март бошида ўтказилган йиғилишда маълум қилганди. Ўшанда 172 минг нафар ота ўз фарзанди учун алимент тўламагани, бугунги кунда жами 115 млрд сўм қарздорлик мавжудлигини танқид қилди.