4−7 август кунлари Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда ўтказилаётган дзюдо бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионатининг биринчи кунида Ўзбекистон атлетлари битта олтин ва иккита бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

-52 кг вазн тоифасида иштирок этган Диёра Келдиёрова финалда япониялик Аи Шишимени мағлуб этиб, олтин медалига сазовор бўлди. Келдиёрова 2019 йил БАА мезбонлик қилган дзюдо бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида ҳам ғолибликни қўлга киритганди.

Эркаклар ўртасидаги баҳсларда -66 кг вазн тоифасида қатнашган Муҳриддин Тиловов эса бронза медали учун курашда мўғулистонлик Эрхэмбаяр Баттогтохни мағлуб этди. Бу вазнда олтин медал Мўғулистон вакили Ёндонпэрэнлэйн Басхуга, кумуш эса Рёма Танакага насиб этди.

-57 кг вазн тоифасида учинчи ўрин учун кечган беллашувда Нилуфар Эрмаганбетова мезбонлар вакиласи Севара Нишанбаевани мағлубиятга учратиб, бронза медали соҳибаси бўлди. Ушбу вазнда япониялик Момо Тамаоки финалда Хитой терма жамоаси аъзоси Ци Цай устидан ғалабага эришди.

Эслатиб ўтамиз, дзюдо бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида 19 давлатдан жами 178 (103 эркак, 75 аёл) спортчи қатнашмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси турнирга 18 нафар атлет билан ташриф буюрган.