Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Худди шундай ҳужжат ҳар йили Мустақиллик куни арафасида қабул қилинади.

«Сўнгги йилларда, дунёда коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, кескин рақобат, турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар туфайли юзага келган ғоят оғир ва мураккаб вазиятда мард ва олижаноб халқимизнинг фидокорона меҳнати билан Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни жаҳонга тараннум қилиш бўйича муҳим натижаларни қўлга киритаётганимиз, бу ютуқлар халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилаётгани, энг асосийси, ватандошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгариб, улар ислоҳотлар самарасини кундалик ҳаётида ҳис қилиб яшаётганини алоҳида таъкидлаш зарур», — дейилади ҳужжатда.

«2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, туб ислоҳот жараёнларини янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадри, шаъни ва ғурурини етакчи ўринга олиб чиқиш устувор вазифамизга айланган ҳозирги вақтда юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва бўлинмаслиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга интилиш кўп миллатли халқимизни янада бирлаштирадиган, юксак марраларга сафарбар этадиган беқиёс кучга айланиб бормоқда», — дея қайд этилади қарорда.

Ҳужжат билан «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури қабул қилинди. Давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича республика комиссиясига Абдулла Арипов раҳбарлик қилади.

Комиссияга барча ҳудудларда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Мустақиллик байрамига бағишлаб маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, долзарб мавзулар бўйича фикр алмашувлар, маданий тадбирларни самарали ўтказиш мақсадида таниқли илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, маданият ва санъат арбобларидан иборат тарғибот гуруҳларини ташкил этсин ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб боришини йўлга қўйиш топширилди.

Жойларда Мустақиллик байрамини юқори савияда ўтказиш мақсадида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш топширилди:

  • сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, халқнинг ҳаёти, қалби ва онгида юз бераётган ижобий ўзгаришларни таъсирчан усулларда ифода этиш;
  • мамлакатда турли миллат ва диний конфессия вакиллари ўртасида аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада кучайтириш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳамиятини чуқур таҳлиллар, аниқ ҳаётий мисоллар ёрдамида кенг жамоатчиликка етказиш;
  • бугунги тинч ва эркин ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга, инсон қадрини улуғлашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;
  • аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёшлар, хотин-кизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган дастурларнинг ижобий натижаларини кўрсатиш;
  • байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш.