Мазкур ҳафта давомида кучли иссиқ кутилмайди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Душанба, 1 август куни Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм вилоятининг баъзи жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Ҳаво ҳарорати куннинг иккинчи ярмида +34…+37 даражагача кўтарилади.

2 август сешанба куни Самарқанд, Жиззах вилоятлари ва республика тоғ олди ва тоғли ҳудудларининг баъзи жойларида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши кутилмоқда. Қолган ҳудудларда ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради.

1−2 августда жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда шамол 15−20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.

Ҳафта ўртасидан Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво очиқ бўлади, фақат республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати бироз кўтарилади ва кундуз кунлари ҳарорат +34…+39, кечаси +20…+25 даража атрофида бўлади.

Шунингдек, Ўзгидромет 1 августда тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошкин ҳодисалари юзага келиши мумкинлигини маълум қилди.