Иқлим ўзгариши нафақат табиат ҳодисалари, балки турли глобал муаммоларнинг юзага келишига ҳам сабаб бўлмоқда. Хусусан, ҳаво қуруқлашиши туфайли термитлар аҳоли яшаш жойлари ва турли иншоотларга кўчиб ўтиб, уларга жиддий зиён етказяпти. Статистик маълумотларга кўра, бу зараркунанда йилига дунё бўйлаб 40 млрд доллар зарар келтирмоқда. Ўзбекистонда ҳам термитлар билан зарарланган аҳоли турар-жойлари, тарихий-маданий обидалар, ижтимоий соҳа объектлари сони ортиб бормоқда.

Хўш, нега мамлакатда термитлар кириб бораётган иншоотлар кўпаймоқда, ҳукумат бу ҳолатнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш учун нима қилмоқда, ечимини кутаётган қандай муммолар мавжуд? «Газета.uz» мухбири мазкур мавзу юзасидан Республика термитларга қарши курашиш маркази директори Қаҳрамон Рустамов билан суҳбатлашди.

Термит қандай ҳашарот?

Ер юзида термитларнинг уч мингга яқин тури аниқланган. Улардан 120 тури кучли зараркунанда сифатида қайд этилган бўлиб, Марказий Осиёда тўртта тури учрайди. Ўзбекистон ҳудудида Anacanthotermes авлодига мансуб иккита тур: Туркистон ва катта каспий орти термитлари тарқалган.


Қаҳрамон Рустамов. Фото: «Газета.uz»

Фанлар академияси Зоология институти ҳузуридаги Республика термитларга қарши курашиш маркази директори Қаҳрамон Рустамовнинг таъкидлашича, термитлар Ўзбекистон ҳудудида илк бор 1858 йили Термиз атрофида аниқланиб, фанга киритилган.

«Термитларнинг асосий озуқаси целлюлоза ҳисобланади. Мазкур модда ёғоч, картон каби қурилиш ва уй-жой материалларида кўп бўлгани учун термитлар шуларни еб, кун кечиради. Бу зараркунанда азалдан агротехник ишлов берилмайдиган жойлар: чўл ва адирларда табиий кўпайган. Вақт ўтиши билан одамлар саксовул, янтоқ каби ўсимликлардан ёқилғи сифатида ўз хонадонида фойдаланган. Натижада термитлар аҳоли уй-жойига кириб келган», — деди олим.

Унинг таъкидлашича, термитлар бир қанча табиий йўллар орқали тез тарқалади. Эрта баҳорда ҳаво илиқ бўлиб, ёмғир ёғган пайтда ёппасига икки, уч метргача учади. Агар шамол йўналишига тушиб қолса, бир неча километргача учиши мумкин. Бундан ташқари, қурилиш моллари шаҳобчаларида термит билан зарарланган материалларни сотиш орқали ҳам бу ҳашарот тарқалади.


Фото: pro-dachnikov.com

«Термит Ўзбекистон ҳудудларида турлича: „сариқ чумоли“, „қир чумоли“, „қабр чумолиси“, „ваҳмат“ каби номлар билан аталади. Бу зараркунанда одамни тишлаши мумкин. Лекин чақмаслиги, киши соғлиғига зарар етказмаслиги илмий томонлама исботланмаган», — дея таъкидлади Қаҳрамон Рустамов.

Унинг қайд этишича, термитлар кўп қаватли уйларда учрамайди. Мебель жиҳозларига тушадиган пармаловчи қўнғиз ҳашаротларни улар билан адаштирмаслик керак.

«Термитлар арилар, чумолилар сингари жамоавий кўринишда яшайдиган ҳашаротлар тоифасига киради. Уларда ҳам шоҳ, малика, озуқа ташувчи ишчилар бўлади. Қисқаси, термитларнинг яшаши, уяси ўзига хос ва мукаммал тузилган. Шу боис ҳам уларга қарши курашиш мураккаб жараён ҳисобланади», — деди олим.

Салкам 19 мингта аҳоли уй-жойи зарарланган

Ўзбекистонда термитлар зарарлантирган аҳоли уйлари йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, 2009 йилда 2,5 минг атрофида одамлар хонадони зарарланган бўлса, 2022 йил ярмига келиб бу кўрсаткич 19 мингга яқинлашди.

Қаҳрамон Рустамов бу зараркунанданинг тарқалиши ҳақида гапираркан, шундай дейди: «Термитлар Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Самарқанд вилоятларида жуда кўп учрайди. Зарарланган аҳоли уй-жойларида фавқулодда ҳолатлар келиб чиқиш эҳтимоли кундан-кунга кучаймоқда. Чунки термитлар туфайли қурилиш материалларининг механик оғирликни кўтариш даражаси кескин заифлашади. Сал ер силкиниши натижасида ўша уй-жойларга зарар етиши шубҳасиз».

Тарихийлик хусусиятини йўқотаётган обидалар

Республика термитларга қарши курашиш маркази монтиронинг натижаларига кўра, маданий-тарихий обидаларда 46 та зарарланиш ҳолати кузатилган. Мисол учун, бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган, ЮНЕСКО муҳофазасидаги «Ичан-Қалъа» тарихий ёдгорлик мажмуасидаги 33 та тарихий обиданинг ёғоч ўймакорлиги ишланмаларига термитлар жиддий даражада зарар етказмоқда. Жума масжиди, Пахлавон Маҳмуд мақбараси, Муҳаммад Иноқ ва бошқалар шулар жумласидан.


Жума масжидининг ички кўриниши. Фото: novotours.uz

Бундан ташқари, Термиз туманидаги I-III асрларга тегишли Буддавийлик зиёратгоҳларидан бири Фаёзтепа обидаси ҳудудининг 100 фоизи термитлар билан зарарланган. Сурхондарёдаги Ал Ҳаким Ат-Термизий, Қашқадарёдаги Ҳазрати Имом масжиди, Навоийдаги Имом Хасан-Хусан зиёратгоҳи ва Қорақалпоғистон Республикасидаги Миздахкан комплекси тарихий обидаларида термитларнинг зарарли фаолияти қайд этилган.

«2014−2017 йилларда маданий мерос обьектларини ҳимоя қилиш учун давлат томонидан маблағлар ажратилди. Бу вақт ичида «Ичан қалъа»да тўлиқ мониторинг ва термитларга қарши кураш ишларини олиб бордик, зарар келтириш ҳолати тўхтади. Бироқ, «Ичан қальа» атрофидаги одамлар хонадонлари учун пул ажратилмади. Аҳоли эса бу ишни ўз ҳисобидан қилишни хоҳламади. Натижада, 2018 йилдан бошлаб фуқаролар яшаш уйларидаги термитлар «Ичан қалъа»даги обидаларга яна кириб кела бошлади», — деб айтади Термитларга қарши курашиш маркази директори.

Бугунги кунда термитлардан ташқари, учта мўйловли ёғочхўр қўнғизлар ҳам тарихий обидалардаги ёғочларга зарар етказмоқда. Бу ҳолат Шаҳрисабз, Бухоро ва бир нечта шаҳарларда кузатилди. Бу ҳашаротга қарши курашиш усуллари жуда мураккаб.

«Аслида қадимий ёдгорликларда термит бўлса ҳам, бўлмаса ҳам мониторинг ишлари узлуксиз олиб борилиши шарт. Бу масалада Маданий мерос агенлигига бир неча маротаба хат чиқариб, огоҳлантирганмиз. Афсуски, у ерда ҳам раҳбарлар тез-тез алмашяпти, бизнинг хатларимиз назардан четда қолиб кетмоқда», — деди олим.

Унинг айтишича, Хоразм Маъмун академияси олимлари томонидан табиий курашиш воситаси ишлаб чиқарилмоқда. Аммо бу — кам.


Ичан қалъа. Фото: zen.yandex.ru

«Асрлар давомида бизгача етиб келган қадимий ёдгорликларнинг бир қанчаси термитлар сабаб тарихийлик хусусиятини йўқотмоқда, хавф остида қолмоқда. Зарарланган устунлар ўрнига дурадгорлар ҳудди ана шундай қилиб ясаши, ўрнига алмаштириб қўйиши мумкиндир. Аммо унинг жозибадорлиги, тарихий қийматини қайтариб бермайди», — деди Қаҳрамон Рустамов.

Яна қайси соҳалар зарар кўрмоқда?

Термитлар Ўзбекистонда аҳоли яшаш уйлари ва қадимий ёдгорликлардан ташқари бир қанча соҳаларга ҳам зиён етказмоқда. Жумладан, архив бўлимлари (уларда сақланаётган ҳужжатлар), марказий кутубхоналарнинг айримлари хавф остида қолмоқда. Стратегик объектлардан Термиз халқаро аэропорти кучли зарарланган.

Қаҳрамон Рустамов бу ҳақда гапираркан, «Аэропорт раҳбариятига икки марта мурожаат билан чиқдик. Аммо улар бунга жиддий аҳамият қаратмаяпти. Аэропортга яқин маҳаллалардаги аҳоли уйларига термитлар ўтиб, кўпайиш эҳтимоли катта», — дея изоҳ берди.

Республика термитларга қарши курашиш маркази таҳлилларига кўра, стратегик аҳамиятга эга объектларда 15 та ҳолат, ижтимоий соҳа объектларида 98 та ҳолат, дала ва чўл зоналари, қабристонлар ва бошқа очиқ жойларда 1082 та майдонда термитлар мавжудлиги аниқланган.

Ем-хўраклар патентлаштирилган, аммо сотилиши суст

Қаҳрамон Рустамовнинг таъкидлашича, термитларга қарши табиий йўл билан курашилса ҳам бўлади. Масалан, чумоли, калтакесак каби ҳашаротларни кўпайтириш мумкин, улар термитларни еб, озиқланади. Аммо бу йўл орқали курашишдан ҳамма ҳам хабардор эмас, биладиганлар эса самарасиз усул, деб ҳисоблайди. Бироқ ўзбекистонлик олимлар замонавий қурилмалар ясаб, изланишлар олиб боряпти.

2005 йили Ўзбекистонда илк бор термитларга қарши курашиш мақсадида Зоология институтининг Энтомология лабораторияси мудири, проффесор Алоуддин Хамраев раҳбарлигида заҳарли ем-хўраклар ишлаб чиқилган. Мазкур восита ўша вақтларда йилда икки марта мамлакатдаги аҳоли турар-жойлари, тарихий обидалар ва стратегик объектларда термитларга қарши кенг доирада қўлланилган ва юқори самарадорликка эришилган.


Проффесор Алоуддин Хамраев раҳбарлигида ишлаб чиқилган заҳарли ем-хўрак. Фото: Республика термитларга қарши курашиш маркази.

2020 йили Республика термитларга қарши курашиш маркази ва Энтомология лабораториясининг бир гуруҳ олимлари томонидан бир сантиметрлик ем-хўрак ишлаб чиқилди. Ушбу қурилманинг аввалгисидан фарқи шундаки, бунинг ичида 30−35 грамм озуқаси бор. Олдингида эса 50−55 грамм озуқа бўлган. «Биз хажмини камайтириб, нархини арзонлаштирдик. Шунингдек, таркибига жалб қилувчи хусусиятга эга бўлган — аттрактант, таъм берувчи ва намликни сақлаб турувчи қўшимчалар киритдик», — дея тушунтиради олим.

«Мазкур амалий лойиҳа бажарилиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан патентлаштирилди. Лекин бизда ушбу ем-хўракларни ишлаб чиқарадиган асбоб-ускуна йўқ. Техника учун эса маблағ керак. Агар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб олсак, қурилманинг нархи 2 минг сўм атрофида бўлади».


2020 йили бир гуруҳ олимлар томонидан ишлаб чиқилган ем-хўрак. Фото: Республика термитларга қарши курашиш маркази.

Қаҳрамон Рустамовнинг айтишича, иккала ем-хўрак ҳам давлат бюджети ҳисобидан патентлаштирилган, аммо амалиётга кенг тадбиқ этилмаяпти. Сабаби аҳоли ўз ҳисобидан иккисини ҳам харид қилмайди. «Сурхондарё вилоятининг кўплаб маҳаллаларида реклама қилиш, одамларни жалб этиш мақсадида минглаб ем-хўракни бепулга тарқатдик, қандай фойдаланишни ўргатдик. Аммо вақт ўтса-да, одамлар барибир сотиб олмади. Бу уларнинг хоҳиши, мажбур қилолмаймиз», — деди у.

Термитнинг макро сурати. Фото: Sanjay Acharya / CC BY-SA 4.0.

«Биз яратган ем-хўракларни бир йилда икки марта ёғоч-тахталарга ўрнатиш керак. Термитларга секин таъсир этади. Чунки зараркунанда уни ейиши, ошқозинини ишдан чиқишига кўп вақт кетади. Уч ойдан олти ойгача бўлган вақт ичида термитлар йўқолади. Балки, шу сабабли аҳолида харид қилишга қизиқиш сустдир», — деди олим.

Ҳукумат қарорини бажармаётган ҳокимликлар

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилда қабул қилинган 725-қарорида термитлар тарқалишининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш тадбирлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг маҳаллий бюджетлари маблағлари доирасида молиялаштирилиши қайд этилган.

Аммо Қаҳрамон Рустамов мазкур тартиб амалда ўз аксини топмаётганини айтади: «Ҳокимликлар термитлардан кучли зарарланган ҳудудларига маблағ ажратиши керак. Асосан, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган фуқаролар хонадонига маблағ йўналтириш лозим. Шу орқали фуқаролар хавфсизлиги таъминланган бўларди. Лекин ҳокимликлар қарордаги кўрсатмани бажармагани учун зарарланган хонадонлар сони ортиб бормоқда».

Аҳоли яшаш жойида зарарланиш ҳолати аниқландими, унга қарши уч йилдан беш йилгача курашилмаса, енгил таъмирланади. Агар беш йилдан ўн йилгача эътибор берилмаса, зарар катталашади. Хонадоннинг зарарланиш ҳолатига қараб, харажат миқдори ҳам ўзагаради.

«Биз ҳар йили вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларига ҳудуддаги термитлардан зарар кўраётган аҳоли сони, биргаликда курашиш ва молиялаштириш бўйича хат ёзамиз. Қарорнинг 4-банди бажарилишини сўраб, огоҳлантирамиз. Лекин мурожаатларимиз очиқ қолиб кетади», — деди олим.

«Термитларга қарши жиддий ва ўз вақтида курашилмаса, авж олиб кетади. Бу ҳам эпидемиологик бир ҳолат. Максимал даражага чиққанидан кейин бошқариш қийин, худди коронавирус билан курашилганидек катта маблағ талаб этади».

Қурилишдан аввал термитлар бўйича хулоса олиниши керак

Қаҳрамон Рустамовнинг таъкидлашича, ҳар қандай қурилиш жараёни бошланишидан олдин ўша ҳудудда термит бор ёки йўқлиги бўйича хулоса бериш тартибини жорий этиш керак.

«Ҳар йили аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирининг топшириғи чиқади. Вилоят ҳокими вилоятда, туман (шаҳар) ларда эса ўша ҳудуд раҳбари фуқаро хавфсизлиги штаби бошлиғи ҳисобланади. Республика дезинфекция станциясининг филиаллари ходимлари, кадастр, архитектура, қурилиш бўлимлари вакиллари иштирокида тушунтириш, тарғибот ишларини олиб борамиз».

Республика термитларга қарши курашиш маркази кадастр, архитектура бўлимлари раҳбариятига ўта хавфли ҳудуд сифатида қайд этилган ҳудудларда термитлар тўлиқ бартараф этилмагунича уй-жой қуриш учун рухсат берилмаслиги кераклигини таъкидлайди. Аммо бундай ҳолатлар барибир такрорланади.


Фото: chudo-prirody.com.

«Битта мисол, 2012 йили Бухоронинг Когон туманидаги қишлоқларнинг бирида катта ҳудудга коттежлар қурилган. Одамлар хонадонларга кўчиб, яшай бошлаганида термитлар чиққан. Аҳоли ўз хавфсизлигини ўйлаган ҳолда тегишли жойларга мурожаат қилган. Қурилиш ишларини олиб борган тадбиркор „Талаб бўйича кўрсатилган ҳамма ташкилотдан хулоса олганман. Лекин ҳеч ким термитлар тўғрисида маълумотнома олиш кераклигини айтмаган, бу ҳақда билмаганман. Аҳолига етказилган зарарни қоплашга ва бу уйлардаги термитларга қарши курашишга жавобгар эмасман“, деган. Унинг ҳам гапи тўғри ва ҳақ эди», — дея таъкидлайди Қаҳрамон Рустамов.

Унинг айтишича, бунга ўхшаш ҳолатлар кўп учрайди. Хавфли ҳудудлардаги бинолар бетондан қурилса-да, унинг том қисми ёки поли барибир ёғоч-тахтадан бўлади.

«Шундай ҳолатларнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини ўйлаган ҳолда ҳар қандай қурилиш жараёни бошланишидан аввал ўша ҳудудда термит бор ёки йўқлиги бўйича хулоса бериш тартибини жорий этиш лозим», — деди Республика термитларга қарши курашиш маркази директори.

«Пандемия туфайли ишлаб чиқаришимиз секинлашди»

Республика термитларга қарши курашиш маркази 2012 йилда ташкил этилган. Марказ хўжалик ҳисобидан фаолият олиб боради. Айни пайтда бу ерда уч киши ишлайди. Ҳудудларда бўлимлари ҳам, ходимлари ҳам йўқ. Бошқа мамлакатларда термитларга қарши курашиш учун давлат ташкилоти йўлга қўйилмаган, бу масала билан хусусий фирмалар шуғулланади.

2014−2021 йиллар мобайнида марказ томонидан 180 мингга яқин термитларга қарши захарли ем-хўраклар ишлаб чиқарилди. Улар аҳоли турар жойлари, маданий-тарихий обидалар, ижтимоий соҳа объектлари ва стратегик аҳамиятга эга бўлган объектларга ўрнатилиб, термитларнинг зарари бартараф этилишига оз бўлса-да эришилган.

«Афсуски, коронавирус пандемияси туфайли 2020−2021 йилларда аҳоли билан муносабатларимиз узилди, хўжалик ҳисобидан фаолият юритганимиз боис ишимиз секинлашди. Яъни биз қанча кўп ем-хўркалар ишлаб чиқарсак, шунча сотилади ва ишчи ўринлари яратилади, шунга яраша маош оламиз. Пандемияга қадар ҳар бир вилоят ҳокимлиги камида 100 та хонадонни назоратга олиб, ем-хўрак учун тўлов қиларди. Ўша сабаб бизнинг ҳисобрақамимизга пул тушарди, олти нафаргача мутахассис ва икки нафар илмий ходим ишларди», — деди олим.

Ҳукуматга таклиф

Қаҳрамон Рустамовнинг айтишича, ҳукумат томонидан аҳолига кўмак сифатида маблағ ажратилса, термитлардан зарарланган 19 мингга яқин уйлар тўлиқ тозаланади.

«Йилига ўртача 250 минг дона ем-хўрак ишлаб чиқарсак, термитлардан зарарланган аҳоли уйларини саккиз йилда тўлиқ ҳимояга олиб, термитлардан бартараф этишимиз мумкин. Аммо ҳозирги пайтда йилига 50 минг дона ҳам ем-хўрак ишлаб чиқара олмаяпмиз», — деди у.

«Агар давлат томонидан халққа ёрдам сифатида 5 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилса, термитлардан зарарланган барча аҳоли уйлари ҳимояга олинади. Хизмат кўрсатиш, дори-дармонлар билан таъминлаш шу маблағ ҳисобидан амалга оширилади».