Ўзгидромет Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида ҳаво ҳарорати рекордлари янгиланганини маълум қилди. Хусусан, бутун метеорологик кузатишлар тарихида энг юқори ҳарорат (50 даражага яқин) Қизилқум чўли ва Термиз шаҳри ҳудудида қайд этилган.

22 июль куни Хоразм вилоятининг Туямуюн (+47,5 даража) ва Навоий вилоятининг Учқудуқ (+46,3 даража) ҳудудларида ҳам мутлақ ҳарорат рекорди қайд этилди. Аввалги рекордлар 2021 йилда мос равишда +46,1 ва +46,2 даражани ташкил этган эди.


Шу куни Нукусда ҳаво ҳарорати рекорд даражага кўтарилиб, +43,7 даража (олдинги рекорд 2018 йилда +42,2 даража), Урганчда +45,4 даража (1973 йилда +41,4 даража), Бухорода +45,8 даража (2018 йилда +44,7 даража), Андижонда +40,7 даража (1948 йилда +40,1 даража)ни қайд этди.

23 июль куни Тошкентда ҳаво ҳарорати +42,8 даражага кўтарилиб, 2018 йилдаги рекорд кўрсаткич — +42,2 даражадан ошиб кетди, бироқ бу ҳали ҳам мутлақ рекорддан паст — 1997 йил 18 июлда пойтахтда ҳаво ҳарорати +44,6 даражага етган эди.