26 июнь куни тасдиқланган қонун [ЎРҚ-785-сон] билан Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Ҳужжатга кўра, талабаларнинг Ўзбекистон олий таълим ташкилотлари ҳудудида пулли ўқув курслари, спорт тўгаракларини ташкил этишдан ва бошқа таълим хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлари жами даромадларга киритилмайди.

Шунингдек, солиқ тўловчининг фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она (фарзандликка олувчилар) томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 млн сўмгача бўлган тўловларига йўналтириладиган даромадларига солиқ солинмаслиги белгиланди.

Ўқувчи ва талабаларнинг таълим олиши учун профессионал ва олий таълим ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пулли-контракт асосида ўтказиладиган маблағ харажатларига ҳам солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмайди.

Бундан ташқари, мобиль алоқа хизматларига нисбатан амалдаги 15 фоизлик солиқ ставкалари 10 фоиз этиб белгиланди.

Шу билан бирга, норезидентлар бўлган жисмоний шахсларнинг меҳнат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномалар бўйича олинган даромадлари (дивидендлар ва фоизлар ҳамда фрахтдан олинган даромадлардан ташқари) учун солиқ ставкалари 12 фоиз этиб белгиланди.

Қонун билан қишлоқ жойларда жойлашган (бундан шаҳарлар ва туманларнинг марказлари мустасно) антенна-мачта металл конструкциялари, шунингдек уларга ўрнатилган ҳамда уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар эгаллаган ер участкаларига солиқ солинмаслиги белгиланди.

2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабргача республика резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний шахсларнинг (акциядорларнинг) акциялар бўйича дивидендлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.

Шунингдек, президент ва ҳукуматнинг 2022 йил 1 июлгача қабул қилинган ҳужжатларида назарда тутилган божхона божи бўйича имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилади.

Шу билан бирга, Чакана савдо, умумий овқатланиш, меҳмонхона, йўловчи ва юк ташиш, автотранспортларни таъмирлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматларини, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматлари кўрсатувчи, кўнгилочар жойларда хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар — 2022 йил 1 апрелдан 2025 йилдан 1 январгача ижтимоий солиқни 1 фоиз тўлайди;

  • Тадбиркорлар 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январгача майдони 5 минг кв/м дан кўп савдо комплекслари ва меҳмонхоналар, улар эгаллаган ерлар бўйича қуйидагиларга ҳақли этиб белгиланди:
  • мол-мулк ва ер солиғи бўйича ставкаларга нисбатан 0,1 коэффициентни қўллашга;
  • фойда солиғини ҳисоблашда 2 йиллик мазкур биноларнинг қийматини амортизация тарзида чегириб ташланадиган харажатларга киритишга.

Хўжаликларда балиқ етиштиришни кооперация асосида йўлга қўйган солиқ тўловчилар 2025 йил 1 январгача барча солиқлардан (ҚҚС ва ижтимоий солиқ мустасно) озод қилинади.

Чарм, мўйна хом ашёси ва жунни қайта тайёрлаш, қорамолни автоматлаштирилган тарзда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача фойда, айланмадан олинадиган ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинади.