Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Тошкентда ўтказилаётган Афғонистон бўйича халқаро конференциядаги маърузасида Афғонистоннинг хориждаги молиявий активларига қўйилган чекловларни олиб ташлаш муҳим эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда Дунё АА хабар бермоқда.

«Афғонистоннинг хориждаги молиявий активларига қўйилган чекловларнинг олиб ташланиши афғон иқтисодиётини тиклаш, муҳим инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда бугунги кунда ушбу дўст мамлакат халқи олдида турган ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг асосий омилларидан биридир», — деди Владимир Норов.

Аввалроқ, ТИВ раҳбари Афғонистон ҳукумати олдида турган муҳим вазифаларни санаб ўтганди. Унинг сўзларига кўра, «инклюзив ҳукумат тузилиши, хотин-қизлар ҳуқуқлари таъминланиши, афғонлар мактаб таълимига қабул қилиниши — афғон халқи учун тинч келажак кафолатидир».

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 11 сентябрида ўтган ШҲТ саммитида президент Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги гуманитар вазиятни ҳисобга олган ҳолда хориж банкларидаги афғон активларини қайтаришни таклиф қилди. Гап август ўртасида «Толибон» қўлига тушмаслиги учун АҚШ томонидан музлатилган Афғонистон Марказий банкининг миллиардлаб долларлари ҳақида кетмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, апрель ҳолатида Афғонистон Марказий банки 9,4 миллиард долларлик захира активларига эга бўлган, бу мамлакатнинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмининг учдан бир қисмига тўғри келади. Захираларнинг аксарияти ҳозирда Афғонистондан ташқарида, дейди WP манбаларидан бири.

Мамлакатдан қочган Афғонистон Марказий банки бошқарувчиси в.б. Ажмал Аҳмадий «Твиттер»да тасдиқлаганидек, Марказий банк раҳбари сифатида у мамлакатга Америка валютасини етказиб бериш тўхтатилганлиги тўғрисида хабарнома олган ва бу ҳақда президент Ашраф Ғанига маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистон Марказий банкининг деярли барча захиралари чет элда жойлашган ва улар қарийб 9 миллиард долларни ташкил қилади. Энг катта қисми — 7 миллиард доллар — Федерал захира тизими (Марказий банк ваколатларини бажаради) ҳисобларида. Улардан 3,1 миллиард доллари АҚШ ҳукумати облигацияларига тикилган, 2,1 миллиард доллари Жаҳон банкининг Маслаҳат хизматлари ва захираларни бошқариш дастуридаги (RAMP) активлар, 1,2 миллиард доллари олтин ва атиги 300 минг доллари нақд пул шаклида. Яна 1,3 миллиард доллар халқаро ҳисобларда сақланган.