Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Аданом Гебреисус маймунчечак эпидемиясини халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат деб эълон қилди.

Бу ҳақда у ташкилот фавқулодда қўмитасининг иккинчи йиғилиши якунлари бўйича маълум қилди. Июнь ойининг охиридаги олдинги йиғилишдан кейин қарама-қарши қарор қабул қилинди.

ЖССТ раҳбарининг сўзларига кўра, қўмита аъзолари бу масала бўйича консенсусга эриша олишмаган, бироқ вирус тарқалиши билан боғлиқ вазият халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат белгиларига тўғри келади.

Жумладан, бир ой аввал дунёнинг 47 та давлатида 3040 та маймунчечак касаллиги аниқланган бўлса, бугунги кунда 75 та давлатда 16 мингдан ортиқ касаллик ҳолатлари қайд этилган, 5 киши вафот этган.

«Хулоса қилиб айтганда, бизда жуда кам билинган ва Халқаро соғлиқни сақлаш қоидалари мезонларига жавоб берадиган янги юқиш йўллари орқали тез тарқаладиган эпидемия бор», — деди у.

Тедрос Аданом Гебреисуснинг таъкидлашича, маймунчечак Европада юқори хавф туғдиради. Дунёнинг қолган қисмида у ўртача хавф туғдиради.

«Турли мамлакатларда вируснинг янада тарқалиши хавфи аниқ, аммо вируснинг халқаро алоқани бузиш хавфини паст деб баҳолаймиз», дея қўшимча қилди у.

Ҳозирги вақтда эпидемия «эркаклар билан жинсий алоқада бўлган эркаклар, айниқса кўп жинсий шериклари бўлган эркаклар орасида тўпланган», деди у.

«Бу эпидемияни тўғри гуруҳларда тўғри стратегиялар билан тўхтатиш мумкинлигини англатади», — деди ЖССТ раҳбари ва стигма ва дискриминация ҳар қандай вирус каби хавфли бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.

ЖССТ 2007 йилдан бери (Халқаро соғлиқни сақлаш қоидаларининг янги таҳрири кучга кирган пайтдан бошлаб) олти марта халқаро фавқулодда вазият эълон қилди — хусусан, ковид, Эбола вируси ва Зика вируси касаллиги авж олган даврда.

Маймун чечаги вирусли касалликдир. Унинг белгилари чечак билан оғриган беморларга ўхшайди, аммо унчалик жиддий бўлайди. Баланд иситма, мушак оғриғи, характерли тошма ва қичишиш унинг асосий аломатларидан. Тошма юздан бошланади ва аста-секин танага тарқалади, кичик доғлар суюқликлик пуфакчаларга айланади. Маймунчечак одатда 2−4 ҳафта ичида ўз-ўзидан йўқолади, аммо иммунитети заиф одамлар, болалар ва ҳомиладор аёлларда у қийинроқ кечиши мумкин.

Шу кунгача Ўзбекистонда маймунчечак касаллиги қайд этилгани йўқ.