Тошкент вилоятидаги Товоқсой қамоқхонаси — 7-сон жазони ижро этиш колониясида икки маҳбус ўзининг жонига қасд қилишга уринди. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook`даги саҳифасида ёзиб қолдирди. Мазкур ҳолатга Бош прокуратура ҳам расмий муносабат билдирди.

Абдураҳмон Ташановнинг ёзишича, унга маҳкумлардан бири — Алишер Якубовнинг яқинлари мурожаат қилган. Уларнинг айтишича, ўғли 25 июнь куни жонига қасд қилиб, юқори қаватдан ўзини ташлаган.

Ҳозирда икки маҳбус Тошкентда «Сангород» деб номланувчи жазони ижро этиш бошқармасининг УЯ 64/18-сонли республика шифохонасида ётибди.

Шу йилнинг январида отаси Элмурод акага ўзининг мунтазам қийноқларга тутилаётгани ҳақида хат ёзгани айтилмоқда.

«Сўнгги марта ўғлим 20 ёшга тўлган 10 апрель куни онаси билан биргаликда кўриб келгандик. Эртасигаёқ боламни карцерга ёпишибди», — дея арз қилган Элмурод Якубов. «Эзгулик» жамияти фаоли маълум қилишича, Алишер жонига қасд қилгани ҳақида орадан 4 кун ўтиб, яқинларига хабар беришган.

«Орада мазкур ҳодиса бўйича бир одамни ишдан бўшатишибди. Суриштирув хулосалари борасида эса ҳеч нима дейишмаётган экан. Суд ҳукми билан қамалган бу йигитча панжара ортига кирганида 18 ёшда эди. Бош миясида болаликдан жароҳати бор экан, «Эзгулик"ка қилган мурожаатига қўшиб бир дунё тиббий хулосаларни ҳам тақдим қилишган бояқишлар», — деди Абдураҳмон Ташанов.

Таъкидланишича, маҳкумнинг ота-онаси қийноққа солган зўравонларга нисбатан чора кўришни сўрамоқда, адвокат ёллашга эса қурби етмайди.

«Колония маъмурияти эса боланинг ўзини иродасизликда айбламоқда. Кўринадики, иродасиз бўлсангиз, қамоққа тушманг. Акс ҳолда, сиз учун ҳеч ким жавоб бермайди. Расмийлар бундай нохуш ҳодисани яширишади, гўё ҳамма ёқ чаман, гуллаб кетган, яшнаб кетган», — дея қайд этди жамоат фаоли.

«Биламизки, инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ конституциявий ислоҳотлар билан банд, — дея сўзида давом этган Ташанов. — Унда қийноққа қарши миллий превентив механизмлар гуруҳи қани? Омбудсман қаерда? Биз янги қомусимиз лойиҳасини инсон ҳуқуқларига оид гўзал нормалар билан тўлдираётган паллада иродасизлар жонига қасд қилиб ўтирибди. Эртага соҳа мулозимлари бу масала бўйича жимжимадор баёнот қилишса керак. Ҳартугул, бунга кўникиб қолдик».

«Газета.uz» сўровига кўра, Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, Алишер Якубов 2002 йилда Наманганда туғилган. У ЖКнинг 118-моддаси 3-қисми «а» банди, 119-моддаси 3-қисми «а» банди ҳамда 59-,85-моддаларни қўллаган ҳолда 10 йил қамоққа ҳукм қилинган. Унинг жазоси 2019 йилнинг 17 октябридан бошланиб, 2029 йилнинг шу санасида тугаши белгиланган.

Иккинчи маҳкум Темур Данияров 1995 йил Қорақалпоғистонда туғилган. Бундан аввал Қозоғистонда ҳам жиноят содир этгани учун судланган. Нукус шаҳар судининг 2020 йил 22 майдаги ҳукми билан ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми «а» банди, 59-моддаси 8-қисми қўлланилган ҳолда 8 йил 7 ой муддатга, 2028 йилгача озодликдан маҳрум этилган.

«Аниқланишича, 7-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо ўтаётган маҳкумлар А.Я. ва Т.Д. 19 июнь куни колония бошлиғи томонидан тасдиқланган кун тартибига риоя қилмасдан, ўзларининг яшаш саҳнига кириш ўрнига 2-яшаш саҳнидаги танишлари олдига яширин равишда ўзбошимчалик билан ўтишган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, улар ҳеч кимнинг рухсатисиз, тартибот қоидаларини бузган ҳолда олдиндан адовати бўлган 5-туркумда жазо муддатини ўтаб келаётган маҳкум А.Ю.нинг қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан шахсиятига тегиб, қўпол муомалада бўлган. «Бу ҳолат колония ходимлари томонидан аниқланган, А.Я. ва Т.Д. лар интизомий жазога тортилган», — дейилади муносабатда.

«Бундан норози бўлган маҳкумлар А.Я. ва Т.Д. лар бинонинг иккинчи қаватидан колониянинг тақиқланган ва яшаш саҳни томонга қараб ўзларини улоқтиришган. Колония даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бўлими ходими маҳкумларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатган», — дея қайд этилган Бош прокуратура баёнотида.

Ҳолат юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, маҳкумларда оғир тан жароҳатлари аниқланган.

Тошкент махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган. Унинг натижасига кўра, ушбу ҳолатда жиноят аломатлари аниқланмагани сабабли жиноят иши қўзғатиш рад этилди.