Пайшанба кунги матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 200 минг сўмлик банкнотани чиқарилишидан кўзланган асосий мақсад нимада эканлигини тушунтирди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

«Блогерларимиз ёзган айрим гапларни ўқиб, „бу қаерда ўқиган экан“ деб ўйлаб қоламан. Яъни, 200 минг [сўмлик банкнота]ни чиқарди, бу билан инфляцияни тўхтатиб бўлмайди, дейишади. 200 минг сўмликни биз инфляцияни тўхтатиш учун чиқарганимиз йўқ-ку. Ёки банкоматлар учун эмас. 200 мингликни чиқарганимиздан асосий мақсадимиз одамларга қулайлик яратиш», — дея таъкидлади у.

Унинг сўзларига кўра, умумеътироф этилган нақд пулнинг ўзига яраша қоидалари бор. Энг йирик купюра ўртача ойликнинг камида 30−40 фоизига тенг бўлиши керак. Айрим давлатларда бу 50%.

«Биз ўрганган яна бир нарса: одамларимизнинг ўртача харид суммаси қанча бўляпти? Ҳозирда ўртача харид суммаси 200, 300, 500 мингдан ортаётган ҳолатлар бор. Энди биз буни сегментлар бўйича ўрганамиз, масалан Деҳқон бозорида қандай харид, савдо комплексларида қанақа? Худди шулар ҳам бизга асос бўлдики, 200 мингликни кутиб ўтирмасдан, олдинроқ чиқариш», — деди Марказий банк раиси.

У банкнота чиқарилганига учинчи сабаб сифатида жами муомаладаги банкноталар сонини ҳам мониторинг қилиш имкони бўлишини айтди.

«Мана тасаввур қилинг, бугунги кундаги нақд пул банкноталар сони 2 йил олдин жон бошига 370 та тўғри келар эди. Бугунги кунда биз буни 70 тадан зиёдгача туширдик. Яъни бундан мақсад фақат одамларга қулайлик яратиш. Қўшимча қилмоқчиманки, пул массасининг кўпайиши иқтисодиётдаги бўлаётган ижобий ўсиш ва ўзгаришларнинг маҳсули», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 15 июль куни Марказий банк 200 минг сўмлик банкнотани муомалага чиқарди.