21 июль куни Олий Мажлис Сенати Кенгаши йиғилишида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида бажарилаётган ишлар натижалари муҳокама қилинди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев май-июнь ойларида Бухоро, Жиззах, Наманган ва Фарғона вилоятларида аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ ишларни танқид қилди.

«Амалга оширилган ишлар билан бирга айрим соҳа ва йўналишларда, шунингдек шаҳар ва туманларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда бир қатор камчиликларга йўл қўйилиб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмаган», — деди у.

Инвестиция дастури

Сенаторнинг сўзларига кўра, инвестиция дастури доирасида ишга тушган лойиҳалар доирасидаги қарийб 3,6 мингта аҳоли бандлиги солиқ ҳисоботларида кўрсатилмаган.

Жумладан, Бухорода яратилган 869 та иш ўрнидан 665 таси (76 фоизи), Жиззахда 363 та иш ўрнидан 307 таси (84 фоизи), Фарғонада 2 924 та иш ўрнидан 2 620 таси (89 фоизи) солиқ органи маълумотлари базасида қайд этилмаган.

Танланма тартибда айрим лойиҳалар жойига бориб ўрганилганда ҳам жорий йилда уларда яратилган иш ўринлари ўз тасдиғини топмаган.

«Масалан, Тўрақўрғон туманида айрим нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 2021 йилнинг август ва ноябрь ойларида фаолиятини бошлаган бўлса-да, жорий йилги ҳудудий инвестиция дастурига янги лойиҳа сифатида киритилган», — деди қўмита раиси.

Эркин Гадоев. Фото: Сенат матбуот хизмати.

Хизматлар соҳаси

Таъкидланишича, хизматлар соҳасида ҳам қатор камчиликларга йўл қўйилмоқда. Хусусан, соҳани ривожлантириш орқали келгусида кафолатли иш ўринларини яратиш билан боғлиқ президентнинг [ПҚ-104-сон] қарорида белгиланган айрим тадбирларнинг ижроси белгиланган муддатидан кечикмоқда.

«Шунингдек, хизматлар соҳасида яратилган иш ўринларининг асосий қисми ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига тўғри келмоқда. Янги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида иш ўринларини яратилиши Наманган вилоятида 7%, Жиззах вилоятида 12% ва Бухоро вилоятида 21% га тенг холос», — деди сенатор.

Шунингдек, у ҳудудларда яратилган иш ўрни сони орттириб кўрсатилганини ҳам танқид қилди.

«Бундан ташқари, хизматлар соҳасида яратилган янги иш ўринлари бир вақтнинг ўзида бошқа соҳа ва йўналишларда ҳам акс эттирилиши сабабли, ҳисоботларда жами ҳудудда яратилган иш ўрни сони орттириб кўрсатилган. Жумладан, Бухоро вилоятида хизматлар соҳасида ўзини ўзи банд қилиш йўналишида яратилганлиги қайд этилган 22,4 мингта иш ўрнидан 15,5 мингтаси қишлоқ хўжалигида, 3,0 мингтаси туризм ва маданият соҳасида такрорланган», — дея таъкидлади Эркин Гадоев.

Қолаверса, хизматлар соҳасидаги юридик шахсларда яратилган Фарғона вилоятида 837 та ва Наманган вилоятида 2,3 мингта иш ўрнида аҳоли бандлиги мазкур корхона ва ташкилотлар томонидан солиқ ҳисоботида акс эттирилмаган.

Ҳунармандчилик

Таъкидланишича, ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш режаси Бухоронинг Қоровулбозор ва Бухоро, Жиззахнинг Пахтакор ва Фориш, Наманганнинг Учқўрғон ва Норин, Фарғонанинг Ёзёвон ва Фурқат туманларида бажарилмаган.

Жорий йилда янги ташкил этилган якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларининг Янгиобод туманида 45%, Зарбдор туманида 25%, Когон шаҳрида 30%, Бухоро шаҳрида 23%, Мингбулоқ туманида 24% қисми фаолиятини вақтинча тўхтатган.


Ўзини ўзи банд қилиш

«Ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига иш ўрнини яратиш бўйича йиллик прогноз кўрсаткичлари вилоятларда ортиғи билан бажарилган бўлсада, ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан бир марталик ижтимоий солиқни тўланиши, шунингдек уларнинг келгусида кафолатланган меҳнат имтиёзларидан фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилмаган», — деди сенатор.

Хусусан, Жиззахда ўзини ўзи банд қилган 44,1 мингдан зиёд шахсдан атиги 2,8 мингга яқини ёки 6,3 фоизи бир марталик ижтимоий солиқ тўловини тўлаган холос.

Фермер хўжаликлари

Фермер хўжаликларида томонидан яратилган иш ўринларида меҳнат қонунчилиги асосида аҳоли бандлиги таъминлаш ва ишчиларга ҳисобланган иш ҳақи тўловларини солиқ ҳисоботларида акс эттириш ишлари тизимли равишда йўлга қўйилмаган.

«Жумладан, фермер хўжаликларида жами яратилган иш ўринларида банд аҳолининг Бухоро вилоятида 64 фоизи, Жиззах вилоятида 58 фоизи солиқ органи маълумотлари базасида қайд этилмаган», — деди Эркин Гадоев.

Деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун очиқ электрон аукцион савдосига қўйилган Бухоро (801 гектар), Жиззах (1 240 гектар) ва Наманган (815 гектар) вилоятларидаги 2,8 минг гектардан ортиқ ер майдони бўйича аҳолининг хабардорлиги ва манфаатдорлиги пастлиги сабабли аризалар келиб тушмаган.

«Натижада аҳолига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонини ажратиш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш прогноз кўрсаткичи режаси бажарилмасдан қолган. Наманган вилоятида очиқ электрон онлайн-аукцион савдоларига 44 552 та лотда қўйилган ер майдонлари бўйича танлов ғолиблари аниқланган бўлса-да, жорий йилнинг январь-апрель ойларида жуда кам деҳқон хўжаликлари давлат рўйхатидан ўтказилган», — деди сенатор.

Қурилиш соҳасида яратилган янги иш ўринларининг Бухорода 83 фоизи, Наманганда 74 фоизи, Фарғонада 82 фоизида аҳоли бандлиги солиқ органи маълумотлари базасида қайд этилмаган бўлса, Жиззах вилоятида пудрат корхоналари кесимида яратилган иш ўринларининг ҳисоби юритилмаган.

Меҳнат ярмаркалари

Сенат Кенгаши йиғилишида меҳнат ярмаркаларини ташкил этиш самара бермаётгани ёки қўл учида ўтказилаётганини ҳам танқид қилди.

«Корхона ва ташкилотлар етарли миқдордаги бўш иш ўринлари билан иштирок этган бўлса-да, ишсиз фуқароларни ярмаркаларга жалб қилиш, уларни таклиф этилган иш ўринларига ишга жойлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмаган», — деди қўмита раиси.

Жумладан, ўтказилган ярмаркаларга жалб этилган жами фуқароларнинг Фарғона шаҳрида 2 фоизи, Қувасой шаҳрида 4 фоизи, Қўқон шаҳрида 7 фоизи ва Фарғона туманида 6 фоизи таклиф этилган иш ўринлари бўйича бандлиги таъминланган холос.

Касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дастурининг ижроси Чуст (55 фоиз), Данғара (61 фоиз), Давлатобод (62 фоиз), Бахмал (67 фоиз) ва Вобкент (70 фоиз) туманларида бажарилмаган.

Ижтимоий муҳофаза

Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун банд қилиб қўйилган иш ўринларидан фойдаланиш даражаси бўйича энг паст кўрсаткич Учкўприк (2 фоиз), Олтиариқ (3 фоиз), Ғиждувон (9 фоиз) ва Тўрақўрғон (9 фоиз) туманларида қайд этилиб, мавжуд имкониятдан самарали фойдаланилмаган.

Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган «Янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармаси» маблағлари ҳисобидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорлик субъектларини имтиёзли шартларда молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига ресурс сифатида маблағ ажратилмаган.