Тошкент шаҳри ва вилоятининг айрим ҳудудларида электр таъминотида носозликлар юзага келмоқда.

Бу борада Марказий диспетчерлик хизматининг Тошкент шаҳри ва вилояти бўйича мурожаатлар учун тузилган Telegram-гуруҳларида фуқаролар шикоятлар йўлламоқда.

Аҳоли хабарларига кўра, пойтахтнинг Яккасарой, Юнусобод, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Бектемир туманлари ва бошқа жойларида, Тошкент вилоятининг эса Нуравшон шаҳри, Юқори ва Ўрта Чирчиқ, Қибрай туманлари ва бошқа ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилаяпти.

Марказий диспетчерлик хизмати вакиллари эса фуқароларга подстанцияда авариявий ўчиш ҳолати юз бергани ва мутахассислар муаммони бартараф этиш устида ишлаётганини таъкидлаб, ноқулайликлар учун узр сўрамоқда.

Фуқаролар эса иссиқ об-ҳавода электр энергия узилишидан норози бўлиб, ўзининг фикрини билдирмоқда. «Келинг яхшиси биз сизга ўзимизнинг узримизни етказамиз ва олдиндан тўлов қилиш бас қиламиз», — дея ёзди гуруҳ фойдаланувчиларидан бири.

Энергетика вазирлиги мазкур ҳолатга муносабат билдириб, «аномал иссиқ туфайли айрим ҳудудлардаги электр таъминотида юзага келаётган носозликлар махсус бригадалар томонидан зудлик билан бартараф этилиши таъминланаётганини» қайд этди.

«Маълумки, шу кунларда республиканинг барча ҳудудларида ҳаво ҳароратининг аномал исиб кетиши натижасида айрим жойлардаги трансформатор пунктлари ҳамда кабель тармоқларида истеъмол юкламаси ортиши кузатилиб носозликлар келиб чиқмоқда», — дейилади хабарда.

«Ушбу электр тармоқларидаги фавқулодда ҳолатларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида ҳудудлар бўйлаб туну-кун ишлайдиган 227 та аварияга қарши махсус бригадалар ташкил этилган бўлиб, юзага келган носозликлар зудлик билан бартараф этиб борилмоқда», — дея қайд этилган баёнотда.

Энергетика вазирлиги юзага келаётган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўрамоқда.

Мазкур ҳолатга адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова ҳам ўз муносабатини билдирди.

«Кетма-кет 6 кун, ҳар куни 13:30 дан 18:30—19:00 гача свет ўчаверганидан билдимки, светни ўчириш режа асосида амалга ошмоқда. Эски, алмисоқдан қолган трансформаторлар, кабеллар ва проводларнинг юқори даражадаги истеъмол юкламаси туфайли куйиб кетишининг олдини олиш мақсадида», — деди у.

Унинг фикрича юкламалар янги қурилаётгани уйлар ҳисобига юзага келмоқда.

«Чунки улардан тизимни янгилаш, замонавий трансформаторларни ўрнатишни ҳеч ким талаб қилмаяпти, қилолмаяпти. Талаб қилишса, уй қурувчи тадбиркорлар ўринли эътирозини билдиради: «Биз катта миқдорда пора ва «откат"лар берганмиз, бизда бошқа пул йўқ». Коррупция оқибатларини кўряпмиз ўртоқлар», — деб ёзди у.

У шунингдек, шу каби муаммоларнинг олдини олиш бўйича ўзининг таклифини ҳам билдирди.

«Қонун билан ушбу талабни мажбурий қилиб қўйиш керак: «Кўп қаватли уйларни фойдаланиш учун қабул қилиш фақатгина янги коммуникацион тизимлар, янги трансформаторлар, сифатли кабел ва ўтказгичлар ўрнатилган тақдирдагина амалга оширилади, мавжуд тизимларга уланиш таъқиқланади!»