Наманган вилоятининг Чуст туман ҳокимлиги мансабдор шахслари тарихий ёдгорликка жиддий зарар етказгани аниқланди. Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, улар маданий мерос объектини ноқонуний ҳужжатлар асосида сотиш ва қайта қуришга рухсат берган.

Чуст туманининг «Янги ҳаёт» маҳалласида жойлашган XX аср бошига мансуб «Абдумалик» масжиди 2018 йилда Чуст туман ҳокимининг қарори билан «ҳашар йўли билан қурилган, ҳозирда қаровсиз қолган, эгаси аниқланмаган бино» деган асоссиз важ билан Маданий мерос инспекцияси балансидан ҳокимият балансига ўтказилади.

Туман ҳокимлигининг ташаббуси билан ушбу масжид биноси аукцион савдолари орқали фуқаро Т.А. га 61 млн сўмга сотиб юборилган.

Туман ҳокимининг 2019 йил 30 апрелдаги қарори билан ушбу маданий мерос объектини қайта қуришга ноқонуний равишда рухсат берилган, дейилади хабарда.

Оқибатда фуқаро Т.А. томонидан «Абдумалик масжиди»нинг 61,1 кв метр шифт қисмининг қайтадан таъмирланиб, туси ўзгартирилган. Бунинг натижасида унга 806,5 млн сўм жиддий зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан Чуст туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.