8−20 июль кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри мезбонлик қилган CAFA Womenʼs Championship-2022 мусобақасида Ўзбекистон аёллар жамоаси ғалаба қозонди. Бу ҳақда ЎФА хабар берди.

Қарийб ўн икки кун давом этган Марказий Осиё чемпионатида япониялик Мидори Ҳонда бошчилигидаги Ўзбекистон аёллар МТЖ Тожикистон (6:0), Туркманистон (6:0), Қирғизистон (7:0) ва Эрон (1:0) жамоаларини мағлуб этиб, 12 очко жамғарган ҳолда мусобақа чемпионига айланди.

Ўзбекистонлик қизлар охирги — ҳал қилувчи баҳсда 85-дақиқада Мафтуна Шойимова томонидан киритилган гол эвазига эронлик футболчиларни мағлуб этиб, ғалабага эришишди.

Нилуфар Қудратова. Фото: ЎФА

CAFA Womenʼs Championship-2022 турнири давомида 5 та гол киритган Нилуфар Қудратова мусобақанинг энг яхши тўпурари бўлди.

Бу йилги мусобақада жами бешта терма жамоа бош соврин учун беллашди. Тўрт йил олдин Тошкент шаҳри мезбонлик қилган Марказий Осиё чемпионатида иштирок этган Афғонистон аёллар терма жамоаси 2022 йилги турнирда қатнашмади.

CAFA Womenʼs Championship-2022 совриндорлари қуйидагича кўриниш олди:

  • 1-ўрин — Ўзбекистон (12 очко)
  • 2-ўрин — Эрон (9 очко)
  • 3-ўрин — Қирғизистон (4 очко)
  • 4-ўрин — Туркманистон (2 очко)
  • 5-ўрин — Тожикистон (1 очко)

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда бўлиб ўтган футбол бўйича аёллар ўртасидаги илк Марказий Осиё чемпионатида ҳам Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси ғалаба қозонган, Нилуфар Қудратова эса 9 та гол билан турнирда энг яхши тўпурар бўлганди.

Видео

Фото