«Меҳр ва Оқибат» жониворларни ҳимоя қилиш жамияти нукуслик фуқаролардан ҳайвонларнинг оммавий шафқатсизларча ўлдирилиши ҳақида жамоавий ариза тушгани ҳақида хабар берди.

Шаҳар ҳайвонлар ҳуқуқлари ҳимоячилари ўз мурожаатида 22−23 июнь кунлари Нукусдаги ҳайвонларни тутиш хизмати ҳудудидан 150 га яқин ит ғойиб бўлганини маълум қилган.

Ҳайвонларни боқиш ва овқатлантириш учун келган кўнгиллиларнинг сўзларига кўра, хизмат ходимлари итларнинг ғойиб бўлишини уларнинг гўёки шаҳар ташқарисига қўйиб юборилгани билан изоҳлашган.

7 июль куни Нукус яқинида жойлашган полигондаги чуқурдан 100 дан ортиқ кучук ва мушуклар ўлик ҳолда топилди. Ҳайвонларнинг оғзи ва панжалари сим билан боғланган, таналарида кўплаб яралар бор эди.

«Меҳр ва Оқибат» нашри вазиятни ўрганиш, айбдорларни топиб, қонун доирасида жазолашни сўраб, Ўзбекистон ИИВ ва Қорақалпоғистон ИИВ, шунингдек, прокуратура органларига мурожаат қилди.