Президент Шавкат Мирзиёев 18 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бундан кейин давлат орган ва ташкилотларида йиғилишга эмас, балки аҳоли муаммолари билан ишлашга эътибор қаратилишини маълум қилди.

«Бундан буён йиғилиш ва қарорларни камайтириб, ижро ва аҳоли муаммолари бўйича ишлайдиган тизим бўлади. Самарқанд вилоятидаги ўрганишлар кўп камчиликларимизни кўрсатди. Бир ойдан кейин ҳар бир вилоят ҳокими қилган ишлари ҳақида алоҳида ҳисобот беради», — деди президент.

«Олдимизда ҳали энг қийин ва оғир ислоҳотлар турибди, — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. — Ҳамма ўзгариши керак, иш услубларини ҳам ўзгартириши керак».

Вазирлар Маҳкамасида, вазирлар ва ҳокимлар ҳам ўз тизимида 10 кун муддатда структураси ва иш услубларини ўзгартириши шарт, дейилади хабарда.

Адлия вазирлигига аҳоли ва тадбиркорларни янгиликлардан хабардор қилиш ва уларга қулайликлар яратиш ҳамда қонунчиликни ихчамлаштириш бўйича янги тизимни ишлаб чиқиш топширилди.

Ҳисоб палатаси, Молия вазирлигига берилаётган маблағлар мақсадли ишлатилиши, айниқса, қурилишни молиялаштириш, субсидия ва компенсация ажратиш жараёнларини рақамлаштириш бўйича янги тизимни ишлаб чиқиш топширилди.

«Умуман, ҳамма маҳалла, туманга тушиб, муаммоларни ичига кириб, аниқ натижага ишлаши шарт», — деди давлат раҳбари.