18 июль куни президент «Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Ҳужжат матни ЎзА`да эълон қилинди.

Унга кўра, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб барча хусусий, хорижий ва давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида таҳсил олиши учун имтиёзли шартларда таълим кредитларини давлат бюджетидан ажратишнинг янги тизими жорий этилади.

Тижорат банклари Молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган депозит маблағлари ҳисобидан таълим кредитларини 7 йил муддатга 14 фоиз ставкада ажратади. Бунда кредитнинг фоиз ставкаларини сўндириш Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, уларни тижорат банкларига тўлаш орқали амалга оширилади.

«Газета.uz»га Молия вазирлиги матбуот хизмати аниқлик киритишича, талаба қизлар кредит фоизини тўламайди. Фақатгина кредитнинг асосий қисмини расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг, еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида тўлаши керак бўлади.

Мазкур тартиб ҳақида президент Шавкат Мирзиёев 8-март куни муносабати билан ўтказилган байрам табригида маълум қилганди.

Имтиёзли таълим кредитини расмийлаштириш учун қуйидагилар талаб этилади:

  • имтиёзли таълим кредити олиш тўғрисидаги тижорат банкига ариза;
  • кредит олувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати;
  • таълим муассасасининг тўлов-контракт шартномаси;
  • кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, турмуш ўртоғи) ёки учинчи шахс биргаликда қарз олувчининг тижорат банкининг кредит сиёсати ва ички тартибига мувофиқ имтиёзли таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжат.

Бунда, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган имтиёзли таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди.

Имтиёзли таълим кредити табақалаштирилган тўлов-контрактни ва табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик бошқа тўловларни амалга ошириш учун ҳамда қўшма таълим дастурларининг Ўзбекистондан ташқаридаги ўқиш даври учун ажратилмайди.

Бундан ташқари, кўплаб фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар инобатга олинган ҳолда қарорга мувофиқ профессионал таълим муассасалари ҳамда таълим муассасаларининг сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган талабалар учун ҳам имтиёзли таълим кредити ажратилиши йўлга қўйилмоқда.

Жамғарма томонидан таълим кредитлари учун тижорат банкларига зарур маблағлар ажратилишини таъминлаш ва назорат қилиш мақсадида Жамғармага 1 та Мактабгача таълим вазирлиги штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан ва 1 та Молия вазирлигининг умумий штат бирликлари доирасида жами 2 та штат бирлиги ажратилади.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлайди.

Қарорга кўра, 2022 йилда кредит учун маблағлар Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари, бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредитлари, суверен халқаро облигацияларни чиқариш ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ажратилади. 2023 йилдан бошлаб эса мазкур маблағлар фақат Давлат бюджети параметрларида акс эттирилади.