Барча талаба қизларга таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш тартиби жорий қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилаётган байрам тадбирида маълум қилди.

Блогер Азиза Қурбонованинг ёзишича, тадбирда нутқ сўзлаган давлат раҳбари 2021 йилда эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 мингдан зиёд қизлар олийгоҳларга грант асосида қабул қилингани, яна шунча талаба қизларга контракт пуллари тўлаб берилгани ҳақида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, аёллар таълимига алоҳида эътибор берилаётгани натижасида ўтган йили олий ўқув юртларига қабул қилинган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.

«Агар бундан олти йил аввал олийгоҳларда 110 минг нафар қизларимиз таҳсил олишган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 400 минг нафарга етди ёки уларнинг улуши 2016 йилдаги 38 фоиздан айни пайтга келиб қарийб 50 фоизга етди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шуниндек, президент 2022−2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш миллий дастури қабул қилинганини айтди.

Ушбу ҳужжат доирасида пойтахтда хотин-қизлар учун алоҳида университет ва жойларда унинг техникумлари ташкил этилади.

«Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб, албатта, қайтади. Дуогўй момоларимиз, муштипар оналаримиз ва азиз опа-сингилларимиз бу эҳтиром ва эътиборнинг албатта қадрига етадилар», — деди давлат раҳбари.