Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Самарқандга ташриф буюрди, президент Шавкат Мирзиёев уни Самарқанд халқаро аэропортида кутиб олди.


Давлат раҳбарлари Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйди. Қуръон оятлари ўқилиб, дуо қилинди.


Шундан сўнг, туркманистонлик меҳмонлар Мирзо Улуғбек музей-мажмуасини ҳам бориб кўрди. Ушбу мажмуа буюк олим қурдирган расадхона ёнида ташкил этилган. Музей икки зал ва олти бўлимдан иборат. Ундан Мирзо Улуғбек даврига оид юздан зиёд ашёлар, китоблар, қўлёзмалар, асл нусхадаги квадрант асбоби ўрин олган.

Сафар давомида икки мамлакат етакчилари Амир Темур мақбарасини ҳам зиёрат қилди ва унинг руҳига Қуръон тиловат қилинди.


Меҳмонларга буюк Соҳибқироннинг ҳаёти, саркардалик маҳорати, улкан давлати ҳақида сўзлаб берилди. Маълумки, Амир Темур ўзи идора қилган ўлкаларда илм, маданият, савдо ва ҳунармандчиликни ривожлантирган, мустаҳкам обидалар қурдирган. Хусусан, ҳозирги Марказий Осиё давлатларида Соҳибқироннинг мероси алоҳида қадрланади.

Ташриф чоғида давлат раҳбарлари Регистон майдонига ҳам ташриф буюрди.

Мажмуадаги уч муҳташам обида — Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг тарихи ҳақида сўзлаб берилди. Ўзбек халқининг меъморчилик анъаналари, мадрасалардаги нақшлар ва улардаги маънолар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов шу ерда эсдалик учун суратга тушди.


Шунинг билан Туркманистон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунланди. Олий мартабали меҳмонни Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди.