12 июль куни NASA дунёдаги энг кучли космик телескопи James Webb («Жеймс Уэбб») томонидан коинотдан олинган биринчи тўлиқ рангли суратларни тақдим этди.

Бу орбитал телескоп томонидан инфрақизил диапазонда тўпланган илмий маълумотлар узатилишининг бошланишидир. Коинот телескопи 2021 йилда ишга туширилган бўлиб, лойиҳани тайёрлаш учун 25 йил вақт ва 10 млрд доллар сарфланди.

Ҳозирда телескоп Ердан 1,5 млн км узоқликдаги Лагранж нуқтаси L2 (Қуёш-Ер системасидаги тортишиш кучлари бир-бирини мувозанатлаб турадиган ва кичик объектлар қолиши мумкин бўлган беш нуқтадан бири) «туриб турибди». «Жеймс Уэбб» тасвирларининг дастлабки бештасида коинотнинг турли қисмлари ҳайратланарли даражада батафсил акс этган. NASA уларга телескоп қандай ишлаши ҳақида тафсилотларни илова қилган ҳолда уларга чиройли тавсифлар бериб чиққан.

Карина туманлигида (Carina Nebula) юлдузнинг туғилиши

Мазкур пейсаж — Карина юлдуз туркумидаги NGC 3324 эмиссия туманлигининг йирик газ пуфакчасининг чеккаси бўлиб, у қизғин юлдуз шаклланиши жараёнини бошдан кечирмоқда. Кўринишидан уч ўлчамли бўлиб кўринган расм «Космик қоялар» деб номланади — ва ойдин оқшомдаги қояли тоғларга ўхшайди.

Тасвирдаги энг баланд «чўққилар» тахминан 7 ёруғлик йили (ёруғлик йили — ёруғликнинг юлиан тақвими бўйича бир йил (365,25 кун) давомида вакуумда ўтадиган масофаси ва 9,46 трлн км га тенг). NGC 3324 туманлигининг ўзи Ердан тахминан 7600 ёруғлик йили узоқликда жойлашган бўлиб, уни жанубий яримшарда Карина юлдуз туркуми таркибида кузатиш мумкин.

Юлдуз пайдо бўлишининг энг эрта ва энг тез фазаларини тасвирга олиш қийин, бироқ «Уэбб»нинг ўта сезгирлиги, фазовий ўлчамлари ва визуализация имкониятлари ушбу мураккаб ҳодисалар хроникасини юритиши мумкин, дея қайд этди NASA.

Қора туйнук эволюцияси

Ушбу расмда 1877 йилда астрономлар томонидан кашф этилган Пегас юлдуз туркумидаги бешта визуал қўшни галактикалар гуруҳи бўлган Стивен квинтети акс этган. Расм 150 миллиондан ортиқ пикселни ўз ичига олади ва 1000 га яқин файлдан бирлаштирилган.

Гарчи улар «бешлик» деб аталса-да, фақат тўртта галактика бир-бирига жуда яқин ва ўзаро боғланган. Бешинчи, энг чап томондаги галактика қолган тўрттасига нисбатан олдинроқ туради. Ундан Ергача бўлган масофа «атиги» 40 млн ёруғлик йили, қолган тўртта галактика эса тахминан 290 млн ёруғлик йили масофасида жойлашган.

Тасвирда — миллионлаб ёш юлдузларнинг ёрқин жамланмалари ҳамда янги туғилган юлдузларнинг юлдуз ҳосил қилувчи ҳудудлари кўриниб турибди. Гравитацион ўзаро таъсирлар туфайли бир нечта галактикаларнинг газ, чанг ва юлдузларнинг кенг думлари узайиб турибди.

Гуруҳдаги энг юқори галактика — NGC 7319 — вазни Қуёшникидан 24 млн марта катта бўлган фаол галактика ядросини, супермассали қора туйнукни ўз ичига олади. У материяни фаол равишда ўзига тортади ва 40 млрд қуёшга тенг ёруғлик энергиясини чиқаради.

Галактикаларнинг яқинлиги астрономларга улар орасидаги қўшилиш ва ўзаро таъсирни кузатиш имкониятини беради, деб таъкидлайди NASA. Олимлар камдан-кам ҳолатларда ўзаро таъсир қилувчи галактикалар қандай қилиб бир-бирида юлдуз ҳосил бўлишини ва бу галактикаларда газнинг қандай қўзғалиши жараёнини бунчалик батафсил кўришади.

Стефан квинтети — барча галактика жараёнлари учун фундаментал бўлган тадқиқотлар учун «ажойиб лаборатория"дир. Олимлар супермассали қора туйнукларнинг озиқланиш ва ўсиш тезлигини тушунишга умид қилишмоқда.

Жанубий Рим туманлиги

«Уэбб» бортидаги иккита камера Жанубий Рим деб номланувчи NGC 3132 сайёра туманлигини суратга олди. Чапдаги тасвир инфрақизилга яқин, ўнгдаги тасвир ўрта диапазонда.

Жанубий ҳалқа Ердан тахминан 2500 ёруғлик йили узоқликда жойлашган. Газ ва чанг булутлари ўлаётган юлдуз томонидан чиқарилади. Улар минг йиллар давомида туманлик марказидаги жуфтликнинг хирароқ юлдузи томонидан чиқарилган. «Уэбб»нинг инфрақизил датчиклари туфайли тасвирлар биринчи марта юлдузнинг чангли парда билан қопланганини кўрсатди.

«Планетар туманликлар ўн минглаб йиллар давомида мавжуд бўлгани сабабли, туманлик ортини томоша қилиш худди ниҳоятда секинлаштирилган фильмни томоша қилиш билан баробар. Юлдуз чиқарган ҳар бир қобиқ тадқиқотчиларга ундаги газ ва чангни аниқ ўлчаш имкониятини беради», дейилади тасвир тавсифида.

Экзосайёра атмосферасидаги сув

Webb қуёшга ўхшаш олис юлдузлар атрофида айланиб юрувчи иссиқ газли гигант сайёралар атмосферасида сувнинг аниқ излари, булутлар ва туман мавжудлигини қайд этди.

WASP-96 b — Сомон йўлидаги (бизнинг Қуёш ва Ерни ўз ичига олган галактика) 5000 дан ортиқ тасдиқланган экзосайёралардан бири. Ушбу экзосайёра Ердан 1150 ёруғлик йили узоқликда Феникс жанубий юлдуз туркумида жойлашган. Қуёш тизимида бу сайёранинг ўхшашлари йўқ.

Спектрография усули атмосферадаги сув буғининг миқдори ва ҳароратини таҳлил қилиш имконини беради.

Коинотнинг энг чуқур ва энг аниқ тасвири

Ушбу расмни 11 июль куни АҚШ президенти Жо Байден намойиш этди. Бу коинотнинг ҳозирги кунгача олинган энг чуқур ва энг аниқ инфрақизил тасвиридир, дея маълум қилди NASA. Уни олиш учун «Жеймс Вебб» 12,5 соат давомида турли тўлқин узунликдаги тўлқинларда узоқ галактикаларнинг ёруғлигини тўплаши керак эди.

SMACS 0723 галактикалар жамланмаси минглаб объектлардан иборат — уларнинг ёруғлиги миллиардлаб йиллар давомида Ерга етиб келган. Ҳозирда ушбу галактикалар ер юзидаги томошабин олдида жуда ёш — Катта портлашдан бир млрд йил ўтгач пайдо бўлади.

«Уэбб биз ҳатто тўғри сўрай олмайдиган саволларга — коинотимиз ва ундаги ўрнимизни яхшироқ тушунишимизга ёрдам берадиган саволларга жавоб топишга кўмаклашади», — дея NASA маъмури Билл Нелсоннинг сўзларидан иқтибос келтиради BBC.

Телескоп томонидан олинган ушбу калибрланган сурат 11 июль куни чоп этилган. NASA буни инфрақизил нурда осмоннинг энг чуқур тасвири деб атади. Уни олиш учун 32 соат керак бўлди.

Тасвирда ёрқин юлдузларнинг олтиталик узун аниқ ажралиб турган дифракцион қирралари (нурлари) «Жеймс Уэбб» телескоп ойнасининг олти бурчакли сегментларининг таъсири ҳисобланади. Юлдузлар ортидаги ёруғ доғлар — минглаб хира галактикалар деярли бутун фонни тўлдириб турибди.

Телескоп ойнаси диаметри 6,5 метрни ташкил қилади. Ойна 18 та тилла суви юритилган олти бурчакли ёзилувчи сегментлардан иборат. Телескопда тўртта илмий ускуна мавжуд: яқин инфрақизил диапазонли камера (NIRCam), яқин инфрақизил диапазонли спектрограф (NIRSpec), ўрта инфрақизил диапазон ускуна (MIRI) ва яқин инфрақизил тепловизор ва юпқа ишора сенсорли нурсиз спектрограф.

Фото: NASA, ESA (Европа космик агентлиги), CSA (Канада космик агентлиги) ва STScI (Космик телескоп ёрдамида коинотни тадқиқ қилиш институти).