4 июль куни Самарқанд шаҳар Никоҳ уйи томонидан Регистон майдонида АҚШ фуқаролари Маршалл Маер ва Эбру Санга никоҳ гувоҳномаси топширилди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Бундан бир неча йил аввал, 4 июль куни жуфтлик АҚШда Брайтон-Бичдаги ўзбек ресторанида таомланишади. Суҳбат чоғида уларнинг иккиси ҳам ўзбек миллий таомларини севиб истеъмол қилиши маълум бўлади. Шундан сўнг, жуфтлик ҳаётидаги муҳим санани Самарқандда нишонлашга аҳд қилишади.

Маршалл аввал ҳам Самарқандда бўлган, шаҳар тарихи ва меъморчилиги унга ёқиб қолқан. «Шу сабаб ҳам улар Регистонни танлашди. Уларнинг наздида Самарқанд абадийликни акс эттирадиган мўжизакор жойдир», — дейилади хабарда.

«Сўнгги икки йил ичида иккаласи ҳам янги истиқболли иш топишди. Улар ҳатто Туркияда зайтун боғини сотиб олишди ва шу йилнинг сентябрь ойида тўй қилмоқчи. Улар меҳмонларга ўзларининг зайтун мойларини беришни режалаштиришган», — дейилади хабарда.

Адлия хабарида ФҲДЁ соҳасида хизмат кўрсатиш тизимининг соддалаштирилгани — биргина экстерриториал тамойили, композит хизматлар, ФҲДЁ архив ҳужжатларининг рақамлашуви фуқароларга қулайлик туғдираётгани ва бу мамлакатга ташриф буюраётган хорижликлар учун ҳам имконият тақдим этаётгани қўшимча қилинган.