Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (ЖИСА)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сугуру Миязаки бошчилигидаги делегацияси билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Унда элчи Ёшинори Фужияма билан 2,76 млн доллар қийматдаги кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар лойиҳалари доирасида Алмашинув нотаси ҳамда ушбу лойиҳани бажариш бўйича Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (ЖИСА) билан грант битими имзоланди.


Битим доирасида келаси йилда яна 18 нафар давлат хизматчисига Японияда магистратура ва докторантурада ўқиш имкони яратилмоқда, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Япония ҳукумати томонидан 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида молиялаштирилаётган лойиҳалар доирасида, мамлакатнинг таниқли университетларида 378 нафар фуқаро таҳсил олиш имконига эга бўлди.

Уларнинг 343 нафари Ўзбекистонга магистрлик даражаси билан қайтиб, бугун халқ хўжалигининг турли тармоқларида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Бугунги кунда яна 35 киши кунчиқар юртда ўқишини давом эттиряпти.