Чоршанба куни президент «Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Унга кўра, Ўзбекистонда 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан билим ва салоҳияти, истеъдод ва қобилиятини намоён этиб, мамлакат тараққиётига, унинг шон-шуҳратини жаҳон миқёсида юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган 45 нафар ёшлар «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланди.

Ўзбекистон мезбонлик қилган футбол бўйича U23 Осиё кубогининг кумуш медали соҳиблари, Ўзбекистон олимпия жамоасининг уч нафар аъзоси Хусаин Норчаев, Ҳожимат Эркинов ва Жасурбек Жалолиддинов «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотланди.

Жасурбек Жалолиддинов. Фото: ЎФА

Бундан ташқари, президент сешанба куни имзолаган қарор билан 28 нафар ёшлар «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланишди. ЎзАда эълон қилинган ҳужжатга кўра, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси, бокс бойича Осиё чемпиони Элнур Абдураимов «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланди.

Элнур Абдураимов. Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Маълумот ўрнида, «Мард ўғлон» давлат мукофоти Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтидорли йигитларига фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган ютуқлари учун берилади.

«Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланганларга совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари билан биргаликда БҲМнинг 50 баравари миқдорида пул мукофоти топширилади.