Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманида яшовчи «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилоти аъзоларининг фаолиятига чек қуйилди. Бу ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ўтказган тезкор тадбирда аниқланди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ.

Маълум бўлишича, жиноий гуруҳ ташкилотчилари бўлган «Г.С.» ва «Р.А.» шерикларига «Ҳизб ут-Таҳрир»нинг «Ислом низоми» номли китоби ва «Ал-Ваъй» журналидан фойдаланган ҳолда бошқаларга дарс ўтиб келган. Улар республикада конституцион тузумни ағдариб ташлаб, ҳалифалик давлатини тиклашга тарғиб қилиб келишган.

Шунингдек, «Г.С.» ва «Р.А.» ота-оналари, яқинлари ва кўплаб танишларини ҳам ўз сафларига аъзо бўлишга даъват қилиб, интернет орқали экстремистик мазмундаги аудио ва видео материалларни тарқатган, дейилади хабарда.

«Мазкур гуруҳнинг фаолияти айни пайтда Польшада яшириниб келаётган „Ҳизб ут-Таҳрир“ диний-экстремистик ташкилотнинг ғоявий еткачиларидан бири бўлган „Маҳмуд Абдулмўмин“ тахаллусли Холдаров Махмуджон Абдумаликович томонидан бошқарилган. У 1980 йилда Қирғизистонда туғилган, мазкур давлат фуқароси, содир этган жиноятлари учун халқаро қидирувда», — дейилади хабарда.

Келтирилишича, мазкур шахс Ўзбекистондаги ва хориждаги ўзбекистонликларни радикаллашувига ҳамда жиноятчига айналиб қолишларига сабабчи сифатида кўрилмоқда.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.