Ўзбекистонда барча фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи «Тенг муомала қилиш ва камситмаслик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиққан Адлия вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Қонун лойиҳасида барча фуқароларнинг имтиёзлардан тенг фойдаланиши ва уларни фақат қонунлар билан белгилаш, ишга қабул қилишда меритократия, интизомий чораларни қўллаш ва ходимларни бажарилган ишлар учун рағбатлантириш соҳасида, шунингдек, жамоа шартномалари ва келишувларида камситишга йўл қўймаслик, бир хил ҳажмдаги иш учун тенг миқдорда ҳақ тўлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқларини мустаҳкамлаш кабилар ўрин олган.

Бундан ташқари, ҳужжат билан транспорт ва маданий-кўнгилочар хизматлардан фойдаланиш, уй-жой олишда камситишга йўл қўймаслик, ижтимоий нафақаларни тайинлашда камситмаслик масалалари мустаҳкамлаб қўйилиши назарда тутилмоқда.

Қуйидагилар ушбу қонуннинг асосий тушунчалари этиб белгиланади:

  • камситиш — инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ёки жамоат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг асосда тан олиниши, фойдаланилишининг йўқ қилиниши ёки камситиш мақсадида ирқи, терисининг ранги, миллий ва этник келиб чиқиш белгиларига асосланган ҳар қандай фарқлаш, четлаштириш, чеклаш ёхуд афзал кўриш;
  • бевосита камситиш — жамият ҳаётининг барча соҳаларида шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини тан олмасликка қаратилган ҳар қандай тарзда фарқлаш, истисно этиш ёки чеклаш, шу жумладан, фуқароларнинг ирқи, миллати, ижтимоий ҳолати, этник келиб чиқиши ва эътиқоди туфайли камситиш;
  • билвосита камситиш — сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ёки жамоат ҳаётининг барча соҳаларида тақиқлаш, шахсларни бошқаларига нисбатан ноқулай ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шунингдек муайян шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ноқулай кўринишдаги шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгилаш;
  • кўп марта камситиш — ушбу қонунда назарда тутилган бир неча асослар бўйича бир вақтнинг ўзида амалга ошириладиган ҳолатлар мажмуи;
  • тазйиқ — содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, ҳар бир шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик);
  • камситишга ундаш — шахсни кўндириш, алдаш ёки бошқа йўл билан ўзга шахсларни камситишга мажбур бўладиган ҳолатга солиб қўйиш;
  • камситишга кўмаклашиш — камситишни содир этишга ўз маслаҳатлари, кўрсатмалари билан ёрдам бериш ёки тўсиқларни йўқотиш билан кўмаклашиш, шунингдек, камситиш пайдо бўлишига қаратилган ҳаракат ёки ҳаракатсизликларни амалга оширишга олдиндан ваъда бериш.

Шунингдек, тенг муомала қилиш ва камситмасликни таъминлашнинг асосий принциплари қонунийлик, демократизм, ирқ бўйича камситишга йўл қўймаслик, барча шахсларга камситишдан ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш учун тенг имкониятлар тақдим этиш ҳамда очиқлик ва шаффофлик этиб белгиланади.

Мазкур қонуннинг қоидалари қуйидаги ҳолатларга нисбатан қўлланилмайди:

  • шахсий ва оилавий муносабатларга;
  • нодавлат нотижорат ташкилотларга аъзолик ва ишлаш тўғрисида қарор қабул қилишда, агар улар томонидан белгиланган тартиб оддий, қонуний ва оқилона бўлса;
  • чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан Ўзбекистон қонуни ёхуд халқаро шартномасида назарда тутилган муомаладаги фарқлар мавжуд бўлганда;
  • процессуал қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинган муносабатларга;
  • муайян лавозимни эгаллаш ва фаолият билан шуғулланиш учун зарур малака тавсифлари ва касбий талабларни белгилаш асосида шахслар билан ишлашда фарқлар мавжуд бўлиши талаб этилган ҳолатларда;
  • пенсияга чиқиш учун қонунда назарда тутилган ёшга ва хизмат муддатига қўйилган талаблар мавжуд бўлганда;
  • қонунчилик ҳужжатларида етим болаларнинг, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган вояга етмаганлар, ёлғиз ота-оналар, кўп болали ва кам таъминланган оилаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини алоҳида ҳимоя қилиш белгиланган тақдирда.

Тенг муомала қилиш ва камситмасликни таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳам ушбу қонун лойиҳасида белгилаб берилган бўлиб, у қуйидагилардан иборат бўлади:

  • тенг муомала қилиш ва камситмасликни таъминлаш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ва такомиллаштириш;
  • тенг муомала қилиш ва камситмасликни таъминлаш соҳасида давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
  • мамлакатдаги барча шахслар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар маданиятини шакллантириш;
  • инсон ҳуқуқлари бузилиши тўғрисидаги шикоятларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг ташкилий- ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш;
  • тенг муомала қилиш ва камситмасликка эришиш мақсадида миллий, минтақавий ва халқаро даражаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш.

Вазирлар Маҳкамасига эса тенг муомала қилиш ва камситмасликни таъминлаш бўйича қуйидаги ваколатларни бериш таклиф этилмоқда:

  • жамият ҳаётининг барча соҳаларида тенг муомала қилиш ва камситмасликни таъминлашга қаратилган ягона давлат сиёсати амалга ошириш;
  • тенг муомала қилиш ва камситмасликни таъминлаш соҳасидаги давлат дастурлари, миллий ҳаракатлар режалари ва стратегияларнинг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ҳамда уларни молиялаштириш учун зарур маблағлар ажратилишини ташкил этиш;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тенг муомала қилиш ва камситмасликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорлигини мувофиқлаштириш;
  • тенглик сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чораларни белгилаш.

Қонун лойиҳасида барча фуқаролар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар тенг муомала қилиш ва камситмаслик бўйича имтиёзлардан фойдаланишда тенг ҳуқуқларга эга эканлиги белгилаб қўйиш кўзда тутилган. Фуқароларга имтиёзларни бериш тартиби Ўзбекистон қонунлари билан белгиланади.

Шунингдек, тенг муомала қилиш ва камситмасликни таъминлаш бўйича таълим соҳасидаги давлат органлари ва таълим муассасалари мансабдор шахслари ҳамда таълим хизматларини кўрсатувчи бошқа субъектларга қуйидаги масалалар юклатилади:

  • таълим муассасаларида ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар ёки таълим олувчилар томонидан ҳар қандай даражадаги камситишнинг барча шаклларининг олдини олиш бўйича чоралар кўриш;
  • таълим олувчиларнинг таълим муассасаларидан асоссиз равишда четлаштирилишининг олдини олиш;
  • ўқув дастурларига имкониятлар тенглиги бўйича дарс машғулотларини киритиш;
  • таълим олувчиларнинг муайян бир гуруҳга мансублигига асосланган имтиёз ёки чекловлар ўрнатилишига йўл қўймаслик;
  • таълим муассасаларига юқори малакали педагогларни тенг имкониятлар тамойили асосида ишга тайинлаш билан боғлиқ бўлган камситишга қарши кадрлар сиёсатини изчил амалга ошириш;
  • таълим олиш тўловлари, стипендия ва талабаларга ёрдам бериш билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатлари билан асосланмаган фарқлар белгиланишига йўл қўймаслик;
  • ушбу қонуннинг қоидаларини таълим муассасаларининг ички қоидаларида мустаҳкамлаш, педагог ва таълим олувчиларнинг камситишга йўл қўймаслик тўғрисида хабардорлигини таъминлаш;
  • камситиш тўғрисида шикоят келиб тушган тақдирда, уни дарҳол текшириш, тугатиш чораларини кўрадилар.

Қонун билан иш берувчиларга ходимларнинг камситишлардан ҳимоялаш, тенг шароитлар, имтиёзлар ҳамда имкониятлар яратиш, тенг меҳнат шароитлари ва бир хил ҳажмдаги иш учун тенг миқдорда ҳақ тўлаш, иш жойларида таъқиб қилишни тақиқлаш ва олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа касалликка чалинган шахслар учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган меҳнат ҳуқуқларини амалга оширишда зарур шарт-шароитлар яратиш белгиланади.

Қолаверса, ходимларга нисбатан интизомий чораларни қўллаш ва бажарилган ишлар учун рағбатлантириш соҳасида камситишга йўл қўймаслик, ҳар қандай шахс ёки шахслар гуруҳининг касаба уюшмаларига аъзо бўлиш ва улар томонидан тақдим этилаётган имтиёзлардан фойдаланиш ва меҳнат қонунчилигида белгиланган ҳуқуқларини таъминлаш юклатилмоқда.

Бундан ташқари, ишга кириш шартлари ва эркин касбларга эга бўлиш имкониятларига нисбатан камситишни амалга ошириш тақиқланади.

Шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар маъмурияти ўртасида ходимларнинг вакиллик органи билан тузиладиган жамоа шартномалари ва келишувларида маъмуриятнинг ходимларга нисбатан камситишга йўл қўймаслик тўғрисидаги мажбуриятлари ушбу қонунда белгиланган асосларда қўлланилади, иш жойларида ишчиларни таъқиб қилиш тақиқланади.

Соғлиқни сақлаш органлари ва тиббиёт муассасалари тенг имкониятларни таъминлайди ва камситишга йўл қўймайди. Тиббий муассасалар ҳар қандай шахсга соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш, тиббий суғурта, тез тиббий ёрдам кўрсатиш, оилавий шифокорни танлаш, кексалар, болалар, аёллар ва аҳолининг бошқа заиф тоифаларига зарур хизматлар кўрсатишдан бош тортмаслиги ҳамда ҳар қандай шахсда тиббий экспериментларни уларни розилигисиз ўтказишга йўл қўйилмаслик чораларини кўради.

Ҳужжатга кўра, агар шахс ўзини тенг муомала қилиш бўйича камситилган деб ҳисобласа, ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда, тенг муомала қилиш бўйича камситилган шахсдан давлат божи ундирилмайди.

Шахсларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизматларга ҳақ тўлаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда, уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.

Бундан ташқари, тенг муомала қилиш ва камситмаслик билан боғлиқ муносабатлар махсус қонунлар билан тартибга солинган ҳолларда ушбу қонун нормалари татбиқ этилмайди.