UzAuto Motors компанияси аномал иссиқликдан автомобилни эҳтиёт қилиш бўйича тавсиялар берди.

Қайд этилишича, тўғридан-тўғри қуёш нурлари остида бўлган автомобилда ҳарорат 100 даражагача кўтарилиши мумкин. Юқори даражали ҳарорат ва қуёшнинг ультрабинафша нурларидан автомобиль ойнасининг муҳрлари, фара ва чироқларнинг қопқоқлари, асбоблар панели, ички қопламалар, ташқи қопламанинг пластик қисмлари қизийди, хиралашади, ёрилади ва бузилади, дейилади компания хабарида.

«Бунинг учун аввало, ҳаддан ташқари қизиб кетган автомобилда ҳайдовчи ва йўловчилар узоқ вақт қолиб кетмаслиги керак. Автомобилга ўтириши заҳоти уни ҳаракатлантиришга шошилмаслик керак. «Яхшиси, ойналарни очинг ва двигателни ишга тушириб, бир неча дақиқа кутиб туринг. Мазкур қоида, айниқса, тўқ рангли автомобиль эгалари учун жуда муҳимдир», — дея тафсия бермоқда UzAuto Motors.

Шунингдек, жазирамада автомобиль салони бир неча дақиқа ичида ниҳоятда юқори ҳароратгача қизийди. Фожиали ҳодисанинг олдини олиш учун ҳеч қачон болалар, қариялар ва ҳайвонларни автомобиль салонида, ҳатто ойналари очиқ бўлган тақдирда ҳам, қаровсиз қолдирмаслик керак.

Автомобилни тўғридан-тўғри қуёш нури тушадиган жойга эмас, балки ёпиқ автотураргоҳларда ёки соя жойда қолдириш керак. Аммо ҳамма ҳам бундай имкониятга эга эмас, албатта. Бундай вазиятда олд ойна учун қуёшдан ҳимояловчи экран олиш керак.

Иложи борича ойналарни ёпиш керак. Бу чораларнинг барчаси салоннинг қизиб кетишининг олдини олади, унинг пластик ва резина элементларини деформациядан ҳимоялайди.

Компания тафсиясига кўра, агар машина узоқ вақт кўчада қолдириладиган бўлса, унда автомобилнинг махсус чехолини сотиб олиш мақсадга мувофиқ. Келтириб ўтилган воситалар бўлмаган тақдирда, автомобилни қуёшга тескари, олд ва ён ойналарига қуёш нури тушмайдиган қилиб қўйиш керак.

Автомобилнинг қуёш нурида кўп қолиб кетиши, ҳақиқий рангининг йўқолишига сабаб бўлади.

Қолаверса, автомобилнинг суюқлик даражасини ҳам кузатиб бориш керак. Бу ойна тозаловчи, мой, фреон ва бошқа шу каби суюқликларга тааллуқли. Ёзда двигатель зўриқиши ҳаддан ташқари ортади ва уни етарли миқдорда мотор мойи билан таъминлаш ниҳоятда муҳим. Ёзнинг иссиқ кунларида автомобилдан интенсив фойдаланиш билан ёғни тез-тез алмаштириш кераклигини унутмаган ҳолда, уни вақти-вақти билан бажаришга ҳаракат қилинг.

Радиаторга дистрланган сув эмас, махсус антифриз қуйиш кераклигини ёдда тутинг. Ёз мавсумида тормоз суюқлигини мунтазам равишда ўзгартириб туринг, шу билан бирга, сизга тақдим этилган сервис китобидаги тавсияларга амал қилинг.

Аномал иссиқ об-ҳаво бўлган вақтида ёқилғини тўла тўлдириш керак эмас. Ҳарорат кўтарилганда ёқилғи кенгайиб, бакдан тўкилиши мумкин. Тўкилган ёқилғи автомобиль рангига ёки корпуснинг коррозияга қарши ҳимоя қилиш (антикорозён) қопламаларига зарар етказиши мумкин. Бундан ташқари, оқиб тўкилган ёқилғи атроф-муҳитга зарар еткади ва ҳаттоки, ёқилғи ёниб кетиши ҳам мумкин.

Бундан ташқари, шиналарни ҳам тўғри танлаш кераклиги айтилмоқда.

Қишки шиналарни ёзгиси алмаштиринг. Асфальт иссиғида улар емирилиши мумкинлиги боис йўлда ҳаракатланиш учун тавсия қилинмайди. Ёзги шиналарнинг қаттиқлик хусусиятлари бор. Чунки иссиқ ҳаво ҳароратида резиналар юмшаши мумкин. Шуни унутмангки, жудаям юқори ҳароратда асфальт қизиб, юмшайди. Ёзги шиналар хавфсиз тормозлаш учун махсус протекторга эга бўлиб, йўлда сувдан ҳимоя қилиш ва ёқилғини тежаш имконини беради.

Ёз мавсумида автомобилингиз салонида газли ичимликлар, тиббий буюмлар ва дори воситалар, шунингдек, қуёшдан ҳимояловчи кремлар, кўзойнаклар, тур хилдаги суюқликлар ҳамда балончикларни, айниқса электрон қурилмаларни сақламанг. Ёзнинг жазирама иссиғида автомобиль салонида қолдирилган энг оддий буюм ҳам хавфли ҳисобланади.

Ҳайдовчиларга эса қуёш нуридан кўзни асраш тафсия этилади. Қуёш нури ҳайдовчини кўриш қобилиятини пасайтириб, бир неча сониялар ичида йўлда нохуш ҳодисани келтириб чиқариши мумкин. Улар йўл-транспорт ҳодисаси содир этилишининг олдини олади, дейилади хабарда.