28 июнь куни Тошкентда Марказий Осиёнинг бешта давлати омбудсманлари АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан қўллаб-қувватланган минтақада инсон ҳуқуқлари ҳимоясини қўллаб-қувватлашга қаратилган иккита битимни имзолади. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур ҳужжатлар Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташкилоти томонидан USAID кўмагида ташкил этилган «Марказий Осиё давлатлари омбудсманларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ҳамкорлиги» форуми доирасида имзоланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Тошкент декларацияси Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қийноқларнинг олдини олиш чораларини кўриш ва минтақа фуқароларининг инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқий маданиятини оширишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди. Ҳамкорлик ҳақидаги битим эса халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида доимий тажриба алмашишни кўзлайди.

«Инсон ҳуқуқлари бўйича Тошкент декларациясининг имзоланиши келажакда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларга туртки бўлади. Ушбу туртки ҳаракат билан қўллаб-қувватланганда эса имзоловчилар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича умумий тараққиётимизга амалда интилишларини намойиш этади», — дея таъкидлади USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит.

Форумда Марказий Осиёнинг бешта давлатидан омбудсманлар, шунингдек, давлат ва халқаро ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг 150 нафар вакили иштирок этди. Қайд этилишича, форум ва имзоланган битимлар минтақа омбудсманлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Шунингдек, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш бўйича муҳокамалар учун халқаро платформа бўлиб хизмат қилди.

USAID Омбудсман ташкилотини узоқ вақтдан бери қўллаб-қувватлаб келади, шунингдек, у мазкур институтнинг мустақил фаолият юритиш ваколатларини кенгайтирувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга кўмаклашди.

Қолаверса, Омбудсман институтига бутун мамлакат бўйлаб фуқароларга мурожаат қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш имконини берувчи ускуналарни тақдим этди. Омбудсман идораси USAID кўмагида Aдвокатлар палатаси ва миллий нодавлат нотижорат ташкилотлари билан барча фуқаролар учун одил судловдан фондаланиш имкониятини яхшилаш мақсадида давлат-жамоатчилик шериклик асосида ишлайди.