Наманган, Андижон ва Сурхондарёда 149,4 млрд сўм муаммоли кредитлари ундирилмагани маълум бўлди. Бу Ҳисоб палатаси томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурига ажратилаётган маблағлар юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида аниқланди.

«Республикада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги муаммоли кредитлар қолдиғи жорий йил бошига нисбатан 1 май ҳолатига 8 фоизга камайган. Бироқ, дастурдаги муаммоли кредитлар Наманган (44 фоиз), Андижон (26 фоиз) ва Сурхондарё (20 фоиз) вилоятларида юқори салмоқда қолган», — дейилади хабарда.

Ҳисоб палатаси мазкур ҳудудларда қуйидаги камчиликларга йўл қўйилганини аниқлади:

  • доимий даромад манбаига эга қарз олувчиларнинг 149,4 млрд сўм, хусусан, давлат ташкилотлари ва банкларда фаолият юритаётган ходимларнинг 89,3 млрд сўм муаммоли кредитлари ундирилмаган;
  • муаммоли кредитларнинг 79 фоизида қайтмаслик хатари суғурталанган бўлиб, аксарият ҳолларда банклар томонидан уларни суғурта компанияларидан ундириш чоралари кўрилмаган;
  • жорий йил бошидан муаммоли кредитлар улушини камайтиришда, банклар томонидан уларни 69 фоизини «умидсиз» деб таснифлаб, балансдан чиқариш орқали қисқартирилган. Яъни, амалда муаммоли кредитлар қайтарилмасдан, банк томонидан шакллантирилган захиралар (харажатлар) ҳисобидан қопланган;
  • Чортоқ тумани Баланд адир ҳудудида 2020 йилда ташкил этилган 1 000 та 2 сотихлик иссиқхоналарнинг 95 фоизи ҳозирда яроқсиз ҳолга келиб, улардан фойдаланилмаслиги аниқланди.

«Ўрганиш жараёнида Дастурлар доирасидаги муаммоли кредит қарздорликлари жами 101,2 млрд сўмга камайтирилди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, муаммоли кредитларни бартараф этиш, хусусан кредитлар ўз муддатида тўланмаслиги ва мақсадсиз ишлатилиши бўйича қуйидаги таъсир чоралари кўрилди:

  • 400 млрд сўмлик муаммоли кредит қарздорлигини ундириш учун судларга даъво аризалари киритилди;
  • 55 млрд сўмлик муаммоли кредитлар бўйича тўпланган ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди;
  • 168 млрд сўмлик кредит қарздорликлари бўйича суд қарорлари Мажбурий ижро бюролари томонидан ундирувга қаратилди.

Шу билан бирга, Ҳисоб палатаси томонидан келгусида қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, назорат тадбирлари давом эттирилиши айтилди.