18−22 июнь кунлари Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳрида велотрек бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Турнирда Ўзбекистонлик велоспортчилар 1 та олтин ва 8 та бронза медалини қўлга киритишди. Бу ҳақда Ўзбекистон велоспорт федерацияси «Газета.uz»га хабар берди.

Қайд этилишича, ёшлар ўртасидаги гуруҳ пойгасида 74 очко жамғариб, таъқибчиларини 3 та айланага ортда қолдирган Фарруҳ Бобошеров олтин медалга эга чиқди.


Аёллар ўртасидаги баҳсларда Янина Кускова 3 та медалга сазовор бўлди. Кускова аёллар ўртасида яккалик, гуруҳ ҳамда Нафосат Козиева билан жуфтлик беллашувларидаги Медисон йўналишида бронза медалларини қўлга киритди.

Шунингдек, София Каримова ҳам 2 та бронза медалига сазовор бўлди. Ўзбекистонлик велоспортчи гуруҳ пойгасида, шунингдек, ёшлар ўртасидаги Скретч йўналишида совриндорлар қаторидан ўрин олди.


Ёшлар ўртасидаги Омниум пойгасида Владислав Троман ҳамда Асал Ризаевалар ҳам бронза медалини қўлга киритди.

Осиё чемпионатида 24 мамлакатидан келоган велоспортчилар иштирок этишди. Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада 20 нафар спортчи билан иштирок этди.