1946 йилда АҚШнинг Совет Иттифоқидаги элчихонаси дипломати Жорж Кеннан Вашингтонга узун телеграмма юборади. Унда америкалик дипломат Совет Иттифоқининг сиёсий тизими, советларнинг Ғарбни асосий душман деб кўриши, АҚШ ташқи сиёсати советларга нисбатан «тийиб туриш» механизмидан фойдаланиши кераклиги ҳақида ёзади. Айрим мутахассислар ушбу ҳужжат «Совуқ уруш»нинг бошланишида катта аҳамиятга эга бўлганлигини айтади. «Газета.uz» ушбу тарихий ҳужжатдан асосий ва қизиқарли фикрларни келтиради.

Совет Иттифоқини тушуниш ҳаракатлари

1944 йил июль ойидаги Бреттон-Вудсда бўлиб ўтган конференцияда Совет Иттифоқининг ташқи савдо вазири Михаил Степанов бундай тузилмаларни яратиш тўғрисидаги келишувни имзолаган бўлса-да, бундан кўп вақт ўтмай расмий Москва ушбу ташкилотларга қўшилмасликка қарор қилади. АҚШ Молия вазирлиги Совет Иттифоқидаги америкалик дипломатларга Кремль расмийлари Халқаро валюта фондига (ХВФ) кириш ва Жаҳон банки ғоясини қўллаб-қувватлашдан нега бош тортганини тушунтириб беришларини сўраб, мурожаат қилган.

Бу пайида АҚШнинг Москвадаги элчиси Уильям Гарриман ваколатхонада бўлмайди. Унинг вазифаларини вақтинча элчи маслаҳатчиси Жорж Кеннан бажариб турар эди. У элчи маслаҳатчиси сифатида доимий равишда ўзи ишлаётган мамлакат раҳбарияти билан қандай муносабатда бўлиш бўйича тавсияларни тайёрлаб борарди. Бундай тавсиялар аллақачон катта ҳисоботга тўпланиб қолган эди. Фурсатдан фойдаланиб, Кеннан ушбу тавсияларини Вашингтонга махфий телеграмма сифатида жўнатади.

1946 йил 22 февраль куни АҚШга жўнатилган Кеннан телеграммаси тарихга «Узун телеграмма» номи билан киради, чунки унинг ҳисоботи одатий телеграммалар ҳажмидан анча каттароқ эди.

Куч мантиғи

Кеннаннинг Совет Иттифоқи тўғрисидаги асосий тавсифи қуйидагича эди: «[Мамлакат] ҳанузгача антагонистик „капиталистик қамалда“ яшайди, улар билан узоқ муддат доимий тинч-тотув яшаш мумкин эмас деб билади».

Гитлер Германиясидан фарқли ўлароқ, Совет Иттифоқи авантюризмга берилмайди, улар олдиндан белгиланган режалар билан иш тутмайди, кераксиз рискларга бормайди, дея таъкидлаган Кеннан.

«[Советлар] ақл мантиғини тушунишмайди ва куч мантиғини жуда яхши сезишади. Шу сабабли ҳар қандай ҳолатда кучли қаршилик кўрсатилган тақдирда улар осонликча ортга қайтиши мумкин, ва одатда шундай ҳам бўлади. Демак, агар рақиб етарлича кучга эга бўлса ва уни ишлатишга тайёрлигини аниқ кўрсатса, камдан-кам ҳолатларда бундай қилишига тўғри келади», — дейилади телеграммада.

Партия рус халқининг асл қарашларини акс эттирмайди

Кеннан Коммунистик партия ва НКВД Совет Иттифоқи аҳолиси ҳаётининг барча соҳаларини тўлиқ назорат қилишини таъкидлайди.

Бироқ, дипломатнинг таъкидлашича: «Бу рус халқининг асл қарашларини акс эттирмайди. Оддий одамлар ташқи дунёга дўстона муносабатда, у билан танишишни, ўзларининг истеъдодларини уларники билан солиштиришни хоҳлашади. Партия линияси эса расмий пропаганда моҳирлик билан ва тинимсиз илгари сурадиган тезисларни тақдим қилади, бу тезислар эса кўпинча одамларнинг ички қарашларига зид бўлади. Аммо партия линияси ҳокимиятдагиларнинг — партия, махфий полиция ва Ҳукумат — дунёқараши ва иш тутишини тавсифлайди, ва айнан шулар билан биз иш олиб борамиз».

Ҳаттоки Сталин ҳам ташқи дунё ҳақида объектив маълумот олмайди

«Совет партияси линияси Россия чегараларидан ташқаридаги вазиятнинг ҳеч қандай объектив таҳлилига асосланмайди, яъни Россиядан ташқаридаги шароитларни инобатга олмайди, асосан урушдан олдин ва ҳозир ҳам мавжуд бўлган Россиянинг базавий ички эҳтиёжларидан келиб чиқади», — дейилади ҳужжатда.

АҚШ дипломати Совет Иттифоқи раҳбарияти ташқи дунё ҳақида ҳаққоний маълумотга эга эмас деб ўйлашини яна бир бор таъкидлайди.

«Уларнинг кўпчилиги ташқи дунёга эътибор беришмайди ва ўзларини гипнозлаш ҳолатидадирлар, ва улар ишониш қулай ва ўзларига таскин берувчи деб билган нарсаларига ўзларини ишонтиришга қийналмайдилар. Охир-оқибат, бундай кенг заминда ташқи дунё ҳақида аниқ ва холис маълумот оладиган кишининг бор ёки йўқлиги — ечилмаган жумбоқдир», — дейди Кеннан.

«Ҳукуматга сингиб кетган шарқона махфийлик ва фитна муҳитида маълумотлар манбаларини ва оқимларини бузиб кўрсатиш ёки заҳарлаш имкониятлари чексиздир. Русларнинг объектив ҳақиқатни ҳурмат қилмасликлари, ҳатто унинг мавжудлигига ишонмасликлари — барча тақдим этилган фактларни қандайдир яширин мақсадлар учун восита сифатида қабул қилишларига олиб келади».

«Бу ҳукумат — фитна ичидаги фитна деб гумон қилишга яхши сабаблар мавжуд, ва мен Сталиннинг ўзи ҳам ташқи дунё ҳақида объектив маълумот олишига ишонишдан йироқман», — дейди дипломат.

Жорж Кеннан телеграммада Совет пропагандаси ҳақида ҳам фикр билдирган.

«Совет хавфсизлигидан ташқари барча Совет пропагандаси негатив ва деструктив руҳда. Шу сабабли ақлли ва ҳақиқатда конструктив ҳар қандай дастур билан унга қарши курашиш нисбатан осон бўлиши керак».

Америка бошқа мамлакатларга дунёнинг ижобий ва конструктив суратини тақдим этиши керак

Совет Иттифоқи билан ишлаш бўйича ўз тавсияларида АҚШ дипломати энг аввало: «яхши табиб ақлдан озган беморни кўздан кечиргани» каби Россияни холис ўрганиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, Америка жамоатчилиги бу мамлакатдаги ҳақиқий вазиятдан хабардор бўлиши кераклиги айтилган.

«Жаҳон коммунизми касал тўқималар билан озиқланадиган хавфли паразитга ўхшайди. Шунинг учун АҚШ раҳбарияти ўз халқининг саломатлиги ҳақида ўйлашга мажбурдир ва бу, биринчи навбатда, америкаликларнинг ўзини ўзи англаши, тартиб-интизом ва бирлик руҳидир. Бошқа мамлакатларга Америка дунёнинг ижобий ва конструктив суратини тақдим этиши керак. Ва бу борадаги минимал ютуқ ҳам Москва устидан дипломатик ғалаба бўларди», — дея таъкидлайди Кеннан.

Дипломатнинг телеграммаси дарҳол президент Трумэннинг столига келиб тушади, у бир неча ой давомида муҳокама қилинади. Унинг телеграммаси асосида 1947 йил март ойида Трумэн Конгрессда нутқ сўзлади ва Совет Иттифоқига нисбатан «тийиб туриш» тизими ишлатилишини маълум қилди.