Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Иштиҳон туманидада бир йигит ва ёши катта аёл бошқа бир ёшроқ аёлни калтаклагани тасвирланган видеолар тарқалди. Вилоят ИИБ воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилганини хабар қилди.

Видео остида қолдирилган изоҳда йигит ва аёл «она-бола» деб тарифланган. Воқеа дала майдонида содир бўлган, айнан нима сабабдан аёл кишига тан жароҳати етказилганини тушуниш мушкул. Йигитнинг қўлида токқайчи борлигини, ён атрофдагилар асосан томошабин бўлиб тургани, фақат бир неча кишигина ажратишга ҳаракат қилаётганини кўриш мумкин.

Бироқ, йигит ва ёши каттароқ аёл қолганларга вазиятга аралашмасликни буюрган ва аёлни уришда давом этган. Бошқа бир видеода эса «самосуд» қилинган аёл хушсиз, чуқур-чуқур нафас олиб ётгани тасвирланган.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати бошлиғи Жаҳонгир Сагдуллаев мазкур ҳолат бўйича маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, видео тегишли тартибда ўрганиб чиқилганда ҳолат 13 июнь куни содир бўлгани Иштиҳон тумани «Орлот» МФЙдаги фермер хўжаликларининг бирида содир бўлгани аниқланди.

«Ушбу фермер хўжалигидаги ер майдонидан ижарачи сифатида фойдаланиб келаётган аёллар ўртасида юзага келган ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжал содир бўлган. Бунга ижарачилардан бирининг ўғли аралашиб, иккинчи ижарачига [аёлга] тан жароҳатлари етказган», — деди у.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.