Олий Мажлис Сенатининг 27-ялпи мажлисида давлат органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этишни назарда тутувчи ўзгартишлар маъқулланди.

Унга кўра, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги 215−7-моддасига киритилган маълумотларни эълон қилмаганлик ёки тўлиқ эълон қилмаганлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 3−5 бараваригача (900 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача) миқдорда жарима солишни назарда тутади.

Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштириладиган ижтимоий аҳамиятга эга маълумотлар рўйхати, эълон қилиш шартлари ва тартибига риоя қилмаслик ёки маълумотларни бузиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, бу БҲМнинг 5−10 бараваригача (1,5 млн сўмдан 3 млн сўмгача) жарима солинишига сабаб бўлади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бундай ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий баённомалар тузиб, кўриб чиқиш учун судга юбориши мумкин.

Сенат раиси Танзила Нарбаева буни давлат идораларининг жамият учун очиқлиги ва шаффофлиги йўлидаги «яна бир муҳим қадам» деб атади.

Июнь ойидан бошлаб давлат органлари ўз фаолияти, жумладан, харидлар, хизмат сафарлари, хизмат автомашиналари ва уй-жойлар бўйича 33 турдаги очиқ маълумотлар тўпламини эълон қилиб бориши шарт.

2021 йил охирида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов аксарият вазирлик ва идоралар очиқ маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузаётгани ва ижтимоий аҳамиятга эга маълумотларни эълон қилмаётганини айтди. Шундан сўнг агентлик маълумотларни ошкор этмаганликлари учун давлат хизматчиларини жаримага тортишни таклиф қилди.

Март ойида эса у 135 та давлат органи ва ташкилотидан 80 таси (60 фоизи) давлат харидларини амалга оширишда ушбу маълумотни тегишли манбаларга жойлаштирмагани ҳақида хабар берди. 88 та давлат органи ва ташкилоти сафар харажатлари ва хорижий меҳмонларни кутиб олиш харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни ўз вақтида эълон қилмагани маълум бўлганди.

Давлат харидлари билан боғлиқ маълумотлар, харажатлар сметаси ва уларнинг ижроси, саёҳат харажатлари, автомашиналар ва маъмурий бинолар ҳақидаги маълумотлар ва ҳоказолар тўлиқ кўрсатилмаган, 204 та туман ва шаҳар ҳокимликларидан 43 тасида веб-сайтлар умуман ишламайди.

Бундан ташқари, Сенат адвокатлар ҳуқуқларини кенгайтирувчи тузатишларни маъқуллади. Эндиликда ишонч билдирувчи шахснинг розилиги билан иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритилаётганда судга қадар тайёргарлик чоғида ҳамда суд жараёнида давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан шартнома асосида экспертиза ўтказилишини сўраш, шунингдек, экспертиза хулосаси иш материалларига қўшиб қўйилишини ва суд томонидан ушбу хулоса ишдаги мавжуд далиллар билан биргаликда баҳоланишини талаб қилиш мумкин.

Қолаверса, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий суд ишларини юритишда эксперт сифатида нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг эксперти ҳам иштирок этиши мумкин.

Корхоналарнинг ҳисобварақларида тегишли маблағлар мавжуд бўлган тақдирда, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини тўлаш шартларига риоя қилмаслик ҳамда тўловларни амалга ошириш муддатларини бузиш, шунингдек тадбиркорлик субъектларига мулкий зарар етказиш каби ҳуқуқбузарликлар учун қонун ҳужжатларида маъмурий жавобгарлик бекор қилинади.

Бундан ташқари, қонун ҳужжатларига нодавлат суд экспертларининг суриштирув, дастлабки тергов ва суд ишларини юритишда иштироки ва ваколатларини назарда тутувчи янги нормалар киритилмоқда.

Шунингдек, қонун билан дебиторлик ва кредиторлик қарзи муддатларини ўтказиб юбориш ҳамда корхоналарнинг ҳисобварақларида тегишли маблағлар бўлган ҳолда тўловларни амалга оширишнинг белгиланган муддатларини бузганлик, шу билан бирга, шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик оқибатида хўжалик юритувчи субъектларга мулкий зарар етказиш каби ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади.

Қонун ҳужжатларига нодавлат суд-экспертларининг суриштирув, дастлабки тергов ва суд иш юритувидаги иштироки ҳамда улар ваколатини назарда тутувчи янги нормалар киритилмоқда.

Қонун президент томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.