Сўнгги йилларда дунёни жиддий инқироз ҳолатига тушириб қўйишга қодир воқеалар, ҳодисалар кўп содир бўлмоқда. Аввало COVID-19 пандемияси жаҳон иқтисодиёти учун жиддий синов бўлган бўлса, иқтисодиёт энди барқарорлашаётган бир вазиятда Россия Украина ҳудудида уруш ҳаракатларини бошлаб юборди, натижада, Европа ва АҚШнинг Россияга нисбатан санкциялари ҳамда Россиянинг уларга қарши чоралари жаҳон бўйлаб ўзаро озиқ-овқат савдоси занжирини узиб қўйди. Инқироз бошландими? Бунга фақат уруш сабаб бўлдими? Вазият қайси томонга қараб ривожланиши мумкин? Бу борадаги вазият қандай сценарийга асосан ва қачон яхшиланиши мумкин? «Газета.uz» ушбу мақолада бу борадаги халқаро экспертлар ва нашрларнинг турли таҳлиллари ва фикрларини сизнинг эътиборингизга ҳавола этади.

Нега озиқ-овқат инқирози юзага келди?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу инқироз кўплаб можаролар, об-ҳаво ўзгариши ва иқтисодий ҳисоб-китоблардаги хатоликлар натижасида анча вақтдан бери етилиб келаётганди. Хусусан, Январь ойи охирида The Times газ нархининг кўтарилиши дунё бўйлаб очарчилик келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Мақолада Россиянинг газдан таъсир ўтказиш учун восита сифатида фойдаланаётгани айтилган.

Россия ва Украина ўртасидаги қуролли тўқнашув эса ушбу жараённи тезлаштириб, вазиятни янада мураккаблаштирди — Украинадаги дон маҳсулотларини экспорт қилувчи портлар Россия қуролли кучлари томонидан блокланди, Россиянинг ўзи эса ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан бош тортди. Ушбу мамлакатлардан амалга ошириладиган озиқ-овқат ва ўғит маҳсулотларининг таъминотисиз ҳозирги муаммони ҳал қилишнинг эса имкони йўқ.

Россия дунёдаги энг йирик буғдой экспорт қилувчи мамлакат, Украина эса бу борада бешинчи ўринда туради. Россия ва Украинанинг жаҳон буғдой экспорти бўйича улуши деярли 30% ни ташкил қилади. Украинанинг блокада қилиниши буғдойнинг жаҳон бозоридаги нархини 53% га (йил бошидан буён) ошириб юборди. Ҳиндистон кучли қурғоқчилик туфайли экспортни тўхтатганини эълон қилганидан кейин эса нарх яна 6% га кўтарилди.

Ушбу мамлакатлар нафақат буғдой, балки арпа (Россия ва Украина жаҳон арпа экспортининг 29% ини ташкил қилишади), маккажўхори (15%) ва кунгабоқар ёғи (75%) бўйича ҳам жаҳон экспортининг асосий улушини ташкил қилишади.

Ҳали Россия томонидан қуролли ҳаракатларнинг бошланишидан олдин Жаҳон озиқ-овқат дастури вакиллари 2022 йилда кузатилиши мумкин бўлган қийинчиликлар ҳақида огоҳлантирган эди. Йирик буғдой ишлаб чиқарувчи мамлакат — Хитой, ўтган йили сув тошқини туфайли экишнинг кечиктирилгани ва бу йилги ҳосил тарихдаги энг ёмони бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган. Яна бир йирик буғдой етиштирувчи мамлакат — Ҳиндистонда кузатилган қурғоқчиликдан ташқари, Америка ҳудудларидаги ёғингарчиликнинг кам кузатилаётганлиги ғалла ҳосилдорлигини пасайтириб қўймоқда. «Сўнгги 40 йилдаги энг даҳшатли қурғоқчилик Сомалига ҳам таъсир қилди. Глобал исиш даврига хуш келибсиз», — деб ёзади The Economist.

Ҳозир вазият қандай?

«Урушгача Украина буғдой ва маккажўхори экспорти ўсаётган, Россияники эса пасайиб бораётган эди. Аммо сўнгги пайтларда, кўришимиз мумкинки, Россия экспорти бирдан кўпая бошлади», — дейди AgFlow аграр бозорларни таҳлил қилиш ташкилоти директори Набиль Мседди. Унинг айтишича, Украина экспорт ҳажмининг пасайиши Россиянинг ғалабасидир.

Россия ва Украина умумий экспорт ҳамкорларига эга (айниқса Шимолий Африка ва Яқин Шарқда). Озиқ-овқат танқислиги муаммосига дуч келгач, ушбу мамлакатларнинг кўпчилиги ҳозирда ўз захираларини тўлдириш мақсадида Россиядан ёрдам сўраб мурожаат қилишмоқда. The Times’нинг ёзишича, Миср, Эрон ва Туркия ҳозирги кунда Россиянинг энг йирик ҳаридорларига айланмоқда ва Россиянинг ушбу мамлакатларга экспорт ҳажми 500%, 481% ва 381% га ошган.

«Россия ҳукумати ўз ғазнасини бойитаётган бир пайтда, БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 50 млн инсон очлик хавфи остида қолмоқда», — деб ёзади The Times. Еврокопо Комиссияси раҳбари Урсула фон дел Ляйеннинг таъкидлашича, Россия «очлик ва дон маҳсулотларини ўз кучини кўрсатиш учун восита сифатида қўлламоқда».

Озиқ-овқат маҳсулотлари ва қувват манбаи (газ, электр) бир-бири билан узвий боғлиқ. Афсуски иккала томондан ҳам ўз ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлмаган мамлакатлар жуда оғир вазиятда қолмоқда. Март ойида, олдин пандемия, кейин эса Россия ва Украина ўртасидаги можаролар сабабли келиб чиққан инқироздан зарар кўрган Шри-Ланкада иқтисодий инқироз авжига чиқди. Таъминот танқислиги, нархларнинг кескин ошиши, энергия таъминоти етишмовчилиги ва маҳаллий валютанинг девальвацияси мамлакатда бир қатор норозиликларга сабаб бўлди ва Шри-Ланка президенти икки марта: апрель ва май ойида фавқулодда вазият эълон қилишга мажбур бўлди. Африкада ва Жанубий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам вазият оптимистик эмас.

The Economist томонидан эълон қилинган мақолада ёзилишича, ҳозирда шундоқ ҳам дунёда деярли 250 млн инсон очлик остонасида турибди ва агар можаролар тўхтатилиб, озиқ-овқат таъминоти тикланмаса, яна юзлаб миллион аҳоли қашшоқлик чегарасида қолиб кетиши мумкин. Таъкидланишича, бугунги кунда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг юқори нархи сабабли тўйиб овқатланмаётганлар сони 440 млн дан 1,6 млрд га ошган.

The Economist’га кўра, Украинанинг озиқ-овқат экспорти 400 млн кишини озиқ-овқат билан таъминлаб келган, бироқ Украина ўз сув ҳавзаларини миналагани ва Россия Одесса портини блокада қилгани сабабли экспорт тўхтаб қолган. Украинадаги дон маҳсулотларини сақлаш омборлари (уруш оқибатида зарар кўрмаганлари) арпа ва маккажўхори каби маҳсулотларга тўла, фермерларда эса навбатдаги, июнь ойининг охирида бўлиши кутилаётган ҳосилни сақлаш учун жой қолмаган, демак маҳсулотлар чириб қолиши мумкин. Кейинги экиш ишлари учун эса мамлакатда ресурслар ҳам, ишчи кучи етмайди. Россия эса, ўз навбатида, шу пайтгача Европа Иттифоқи мамлакатларидан сотиб олиб келинган, аммо ҳозирда экспорти тўхтаб қолган уруғлар ва пестицидлар тақчиллигига дуч келиши мумкин.

Энг ёмони, ўғит ва энергия нархининг кўтарилиши фойда олиш кўрсаткичларини тушириб юбормоқда. Санкциялар ва табиий газ учун рақобат иккала бозорни ҳам издан чиқарди. Агар фермерлар ўғит истеъмолини камайтирса, дунё экинларининг ҳосилдорлиги биз учун энг зарур бир вақтда қулайди.

«Саросимага тушган сиёсатчиларнинг бу воқеаларга муносабати вазиятни янада ёмонлаштириши мумкин. Можаро бошланганидан бери Қозоғистондан Қувайтгача бўлган 23 давлат озиқ-овқат экспортига қаттиқ чекловлар қўйганини эълон қилди. Ўғитлар экспортининг 1/5 қисмидан кўпроғи чекланган. Савдо тўхтаса, очарчилик бошланади», — деб ёзади The Economist.

«Ўзаро айбловлар ўйини учун барча сценарийлар тайёр: Ғарб Путинни махсус операция учун қораламоқда, Россия эса Ғарб санкцияларини қораламоқда. Дарҳақиқат, муаммоларнинг аксарияти иккинчи томон ҳаракатларининг натижасида юзага келди ва санкциялар эса уларни янада кучайтирди. Ҳаракатсизликни оқлаш учун ажойиб далил. Бу орада эса кўпчилик оч қолади, баъзилари эса ҳалок бўлади», — дейилган The Economist мақоласида.

Дунёни нималар кутмоқда? Вазият яхшиланиши мумкинми?

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 18 май куни яқин ойларда кутилаётган «глобал озиқ-овқат танқислиги» таҳдиди ҳақида огоҳлантирди ва бу ҳолат йиллаб давом этиши мумкинлигини айтди.

The Economist нашрининг ёзишича, бундай вазиятда камбағаллар кўпроқ азият чекади. «Ривожланаётган мамлакатларда оилалар ўз бюджетининг 25% ини озиқ-овқатга, Африканинг Саҳрои Кабирдан жануброқда жойлашган мамлакатларида эса 40% ини сарфлайди. Мисрда нон овқатланиш рационининг 30% ини ташкил қилади. Кўпгина импорт қилувчи мамлакатлар ҳукуматлари камбағалларга қўшимча субсидиялар ажратишга қодир эмас. Айниқса агар улар энергияни ҳам импорт қилишса, вазият бундан ҳам оғирроқ бўлиши мумкин — чунки ҳозир бу бозор ҳам нотинч».

Мутахассисларнинг маълум қилишича, Россия бу йил дон маҳсулотлари ҳосили бўйича юқори натижага эришиши кутилаётган ягона мамлакат бўлиши мумкин. Осиёнинг бир қатор мамлакатлари, шунингдек, Жазоир, Ироқ, Марокаш, Сурияда кузатилган қурғоқчилик сабабли бу йил ҳосилдорлик кам бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Бразилияда ҳам, Канада, АҚШ ва Франция каби йирик аграр мамлакатларда ҳам об-ҳавонинг инжиқликлари сабаб экинларга зарар етган.

Антониу Гутерришнинг таъкидлашича, «агар бу йил гап озиқ-овқат маҳсулотларига йўл очиш (Украинадаги маҳсулотлар назарда тутилмоқда) ҳақида борса, кейинги йил озиқ-овқатнинг етишмаслиги ҳақида боради, ва бу бутун дунё бўйлаб 1,6 млрд инсонни қамраб олади». БМТ Бош котиби Украина дон маҳсулотларини ташиш режасини ишлаб чиқишга чақирди.

Вазият ўнгланиши учун ҳукуматлар биргаликда ҳаракат қилишлари керак ва биринчи навбатда ишни бозорлар очиқлигини таъминлашдан бошлаш керак бўлади. «Дунёдаги пальма ёғи экспортининг 60% ини таъминлайдиган Индонезия май ойи охирида экспорт бўйича вақтинчалик тақиқни олиб ташлади. Европа Украинага темир йўл ва автомобиль йўллари орқали Руминия ва Болтиқбўйи мамлакатлари портларига дон жўнатишда ёрдам бериши керак, гарчи энг оптимистик прогнозларга кўра, ҳосилнинг атиги 20 фоизини шу тарзда экспорт қилиш мумкин. Ғаллани фавқулодда фақат энг камбағалларга етказиб бериш керак», — деб ёзади The Economist.

Қора денгиз блокадасини тўҳтатиш ҳам вазиятни тезда енгиллаштириши мумкин. Украинада қарийб 25 млн тонна маккажўхори ва буғдой сақланиб қолган, бу эса дунёнинг барча иқтисоди энг кам ривожланган давлатларнинг жами йиллик истеъмолига тенгдир. Бу ерда учта давлатнинг саъй-ҳаракатлари керак: Россия Украина кемаларига рухсат бериши керак, Украина Одесса яқинидаги ҳудудни миналардан тозалаши ва Туркия эса эскорт кемаларининг Босфор бўғози орқали ўтишига рухсат бериши керак.

«Бунга эришиш осон бўлмайди. Россия ҳарбий ҳаракатлар орқали Украина иқтисодиётини бўғишга уринмоқда, Украина эса ўз миналарини зарарсизлантиришни истамаяпти. Томонларни ўз позицияларини юмшатишга кўндириш можарога аралашмасликни танлаган давлатлар, жумладан Ҳиндистон ва Хитойнинг вазифасидир. Беқарорлик даврида дунёни озиқлантириш ҳар кимнинг ва ҳамманинг вазифасидир», — дея хулосалайди The Economist.