«Китоб — қўшнингнинг уйидаги ўқланган милтиқдир. Уни ёқиш керак! Милтиқнинг ўқини чиқармоқ керак! Инсоннинг онгини жиловламоқ керак».

Таниқли америкалик ёзувчи Рэй Брэдбери ижоди, айни пайтда, XX аср адабиётининг дурдоналаридан бири ҳисобланган «Фаренгейт бўйича 451 даража» асари антиутопия ва илмий-фантастика жанрларида ёзилган бўлиб, илк марта 1953 йилда китоб ҳолида дунё юзини кўрган. Асарда кўтарилган ғоялар, хусусан, инсониятнинг маънавий ва маданий тараққиётида адабиётнинг ўрни, цензура ва кўр-кўрона итоаткорлик ҳукм сурган жамиятнинг муқаррар таназзули, танқидий фикрлашнинг зарурати, орадан қарийб 70 йил вақт ўтганлигига қарамай, ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Асарда XXI аср типик одамининг стандартлашган туриш-турмуши, тушовланган тафаккури, руҳиятидаги тўлқинлар ва пинҳон зиддиятлар қаламга олинган. «Фаренгейт бўйича 451 даража» — бу, муаллиф таъбири билан айтганда, китоб қоғози ўз-ўзидан ўт олиб, кулга айланадиган ҳарорат. Муаллиф бир инсон ҳаётида қисқа вақт ичида содир бўлган туб бурилишлар баёни орқали инсониятнинг битмас эҳтиёжлари йўлида ёқиб юборилган тафаккур, қалблар ва тақдирларга ишора қилади. Энг асосийси, сюжет ўқувчини оғир руҳий ҳолат ва босим остида ушлаб турса-да, муаллиф асарни ўлмас умид билан тугаллаган.

Бош қаҳрамон — Гай Монтег — оддийгина ўт ўчирувчи, лекин унинг замонасидаги ўт ўчирувчининг вазифаси биз билгандан фарқ қилади — у китобларни ёқади. Лекин миясига «жойланган дастур»га танаффус бериб, унда қисқа муддатли чақнашларга сабаб бўлган икки инсон Монтегнинг «ўт ўчирувчилик» ҳаётини бутунлай «издан чиқариб», бутунлай бошқа ўзанга буриб юборади.

«Сиз бахтлимисиз?»

Улардан бири Кларисса Маклеллан — Монтегнинг «менини иккига бўлиб юборган» ўсмир қизча. Кларисса Монтегнинг бахт ниқобини юлқиб олиб, унга ойна тутади — Монтег ким? У бахтлими? Монтег на эр, на ота, на дўст, на одам! У фақат ўт ўчирувчи! Бахтсиз ўт ўчирувчи! Тамом!

Кларисса унга ўйлаш, севиш, яшаш кераклигини эслатади.

«Бизга нима етишмайди?»

Иккинчи қаҳрамон — зулматда йўлини йўқотган Монтегнинг йўлига чироқ тутган Фабер. У Монтегнинг тафаккурини уйғотади. Ҳар иккиси бир вақтда бир-бирининг халоскори. Фабер айни пайтда инсонларга учта нарса етишмаслигини таъкидлайди:

1. Сифатли БИЛИМ.

2. Бўш ВАҚТ.

3. Юқоридаги иккита нарсанинг ўзаро алоқасидан келиб чиқиб ҳаракат қилиш ҲУҚУҚи.

Билим — тафаккур хазиналарига ўт очилган жамиятда ўргатилганидан ортиғини билишнинг имкони борми?! Вақт-чи?! Йўқ. Одамлар фақат «бахт» излаш билан банд. Шу даражада бандки, ҳатто ўзлари излаётган ўша «бахт»нинг моҳияти, шакл-шамойили хусусида тафаккур қилиб кўришга ҳам вақтлари йўқ! Ўйлашга вақти бўлмаган одамларнинг, ўз-ўзидан, ўйлаб ҳаракат қилиш ҳуқуқига ҳам эҳтиёжлари бўлмайди.

«Унинг қалбини тозалашга… топширишнинг иложи бўлсайди»

Монтегнинг рафиқаси Милдред образи — XXI аср уй бекаларининг типик вакили сифатида намоён бўлади. Милдред — ўзи сезмаган ҳолда ЁЛҒИЗ. Шу сабаб фақат экран ортидаги унинг борлигидан ҳам бехабар «қариндошлари» даврасига ошиқади. Шу билан ўзини банд қилади. Уларнинг «ташвиши» билан яшайди — шахсий ҳаёти, оиласи, ўзи ҳақида ЎЙЛАШга эса вақт йўқ. Айнан шунинг учун ҳам у БАХТЛИ.

«Дунёнинг энг оғир дарди — тафаккур», Ремарк.

Шу ўринда, Милдреднинг дугонаси — фарзандлари билан бир ойда уч кунгина кўришиб, шунда ҳам уларни — «кирларни кир машинасига тиқиб, қопқоғини ёпиб қўйгандек» — бир хонага қамаб қутулиш пайида бўладиган аёл образи ота-она ва фарзанд муносабатларининг жар ёқасига қай даражада яқин келиб қолганлигини кўрсатади.

«Жиндак ақли бўлган одам катта аҳмоқдир»

Битти — асарда менинг энг кўп эътиборимни тортган образ. Жамиятда инсон қиёфасининг, тафаккурнинг таназзулга юз тутиши сабаблари айнан Битти тилидан очиб берилган.

Бахт излаган оломон. Бахт излаб уззукун тентираймиз, мол-дунё йиғамиз, бир-биримизни азоблаймиз, эртани кутамиз. Умид кўзларимизни ўзи мавҳум, келиши гумон бўлган бахтнинг йўлига қадаб, ихтиёримиздаги шу лаҳза — қўлимиздаги нақд турган БАХТИМИЗни кўздан қочирамиз, у ёнимиздан сирғалиб ўтиб кетаверади.

Биттининг Монтег билан суҳбати жараёнида қанчалик юқори интеллект соҳиби эканлигини илғаш қийин эмас. Лекин у ўт ўчирувчи! Начора, ахир интеллектуал деган тушунча ҳақоратга айланган бир пайтда, унинг бу интеллектининг кимга кераги бор?! Мен Битти образи руҳиятида аламзадаликни, чексиз ғам-андуҳ ва пушаймонликни ҳис қилдим. Битти тимсолида фавқулодда қобилиятли бўлганлиги, барчага хос тафаккур ва тасаввур чегараларини ёриб ўтганлиги учун атрофдагиларнинг нафрати, тепкилашлари ва қийноқларига дучор бўлган мурғак болакайни кўрдим.

Биттига ачиндим. «Битти ўлишни хоҳлаган эди!» Миямда фақат, эҳтимол Битти китобларни бениҳоя севгандир, уларга яқин бўлиш мақсадида шу касбни танлагандир, китобларни ёқиш баробарида ўзи ҳам ҳар гал шу оловда қоврилгандир деган фикр.

Дарбадар «китоб жавонлари»

Эсдан чиқарилган интеллектлар. Уларда Фабер тилга олган, одамларга етишмайдиган нарсаларнинг дастлабки иккитаси бор — сифатли билим ва бўш вақт. Бироқ уларда шу билимни юзага чиқариш, амалда қўллаш, ёйиш ҳуқуқи йўқ. Шундай бўлса ҳам улар мамнун, хотиржам — чунки улар билимдан ортиқ бойлик йўқ эканлигини яхши англайдилар. Монтег ҳам буни тушуниб етган куни уларнинг сафидан жой олди. У бор-будини йўқотди, бироқ тафаккурини, қалбини, инсон сифатидаги қиёфасини топиш эвазига!

Умидли якун — «эси йўқ Қақнус»

Якунда Қақнус қуши тилга олинади, ўзини гулханда ёқиб, кулидан қайта туғиладиган Қақнус. У одамга қиёсланади — одам ҳам қанча хатолар оловида ўзини куйдиради. Лекин унинг Қақнусдан фарқи шундаки, одам хатосини англайди. Одам ўтмишдаги хатолардан хабар берадиган китобларга ҳамиша эҳтиёж сезади, бугуннинг хатоларидан келгуси авлодни огоҳ этадиган тирик китоблар эса ҳамиша топилади.

«Одамлар ўз қиёфасига эга эмас»

Муаллиф асар орқали инсониятни бугунги куннинг хатолари етаклайдиган оқибатлардан, юз бериши мумкин бўлган таназзулдан, хатардан, йўқотишлардан огоҳ қилади. Инсониятни одам қиёфасини йўқотишдан қайтаришга уринади.

Асарни ўқиб, беихтиёр ўйлаб қоласан: бугунги кун одамининг қиёфаси асар қаҳрамонларига қанчалик яқин, қанчалик узоқ?! Уларга қай даражада ўхшаймиз, қай даражада фарқлимиз?!. Афсуски, уларга тобора яқинлашиб, ўхшаб бораётгандекмиз.

Қуйида асардан айрим иқтибосларни келтиришни жоиз деб билдим. Улар сизда ҳам асар мутолаасига иштиёқ уйғотса, кундалик ташвишлар ва одатий ўй-хаёлларингиздан бирозгина чалғиб, тафаккур қилишга ундаса, ажаб эмас.

Мактаблар тадқиқотчилар, тандиқчилар, олимлар, санъат мутахассислари ўрнига тобора кўпроқ югурувчилар, сакровчилар, суворийлар, сузувчилар, моторларни кавлаштиришга ишқибозлар, учувчилар, автопойгачилар чиқара бошлаганидан кейин, «интеллектуал» сўзи ҳақоратомуз сўзга айланди. Шундай бўлиши ҳам керак. Инсон ҳар қандай чегарадан чиқишларни қабул қилавермайди.

Ҳамма бир хил бўлмоғи керак. Конституцияда айтилганидек, туғилгандан озод ва тенг бўлмасдан, ҳамма тенг бўлиши керак. Одамлар худди икки томчи сувдек бир-бирига ўхшасин: ўшанда ҳамма бахтли бўлади, чунки улуғлар ҳам, уларнинг ёнида ўзларининг арзимас одам эканини ҳис қилувчи ўзгалар ҳам бўлмайди.

Ўшанда, агар одамлар фақат шаҳвоний ўпичлар ва шафқатсиз олишувлар ҳақида ўқиса, қанчалик ювошроқ бўлишини англаган ҳукуматимиз сиз олов ишқибозларини чорлаб ҳаммасига нуқта қўйди.

Агар инсон сиёсатдан норози бўлмасин десанг, масалани икки томонини кўришига йўл қўйма. Бир томонини кўрса бас, ҳеч нарса кўрмаса ундан яхши.

Одамларнинг миясини рақамлар билан тўлдиринг, кўнглига урмагунча жўн фактлардан бошланг, қарабсизки, ўзларини жуда билимдон ҳис қила бошлайдилар.

Кафолатларни талаб этманг. Инсонданми, машинаданми ёки кутубхонаданми, нажот кутиб ўтирманг. Дунёни қутқариб қолиши мумкин бўлган нарсани ўзингиз яратинг, борди-ю, бу йўлда чўкиб кетсангиз ҳам, жилла бўлмаса соҳилга қараб сузганингизни англайсиз.

Муқаддамхон Саидрасулова — иқтисодчи, «Газета.uz» колумнисти.