6 июнь куни Coca-Cola томонидан Ўзбекистонга олиб келинган футбол бўйича Жаҳон чемпионати кубогининг оммавий намойиши бўлиб ўтди. Кубок билан бирга Ўзбекистонга ўз вақтида жаҳон чемпионлари бўлган футбол юлдузлари франциялик яримҳимоячи Кристиан Карамбё ва испаниялик марказий ҳимоячи Карлес Пуйоль, шунингдек, Coca-Cola компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Серкан Мурат Дилеклар ҳам тақдимотда қатнашди. «Газета.uz» мазкур тақдимотдан репортаж тайёрлади.

Ўзбекистон ушбу тарихий кубок саёҳат қиладиган дунёнинг 51 мамлакатларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон — «FIFA World Cup Trophy Tour» доирасида ЖЧ Кубогини ўзида қабул қиладиган ягона МДҲ мамлакатидир. 5 июнь куни жаҳон кубоги мамлакатга келтирилди ва Ўзбекистон томонидан кутиб олинди.



Тақдимот давомида, Миллий олимпия қўмитаси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов жаҳон кубогининг 2-марта Ўзбекистонга олиб келинганига мамлакатдаги спортга қатарилаётган эътибор сабаб бўлганини келтирди. Унинг сўзларига кўра, мазкур совриннинг олиб келиниши ёш спортчиларнинг ўз орзуларига етишишига катта туртки бўлади.

Равшан Эрматов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Coca-Cola компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Серкан Мурат ҳам кубокнинг мамлакатга олиб келинишига сабаблар кўплигини, улардан бири Ўзбекистонда ҳозир кетаётган иқтисодий революция жараёни, очиқ бошқарув эканини айтди. Ҳозир мамлакат ўзини ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан ўзинии яхши тасвирламоқда ва Coca-Cola буни рад этолмайди, деди у.

Чапдан: Coca-Cola компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Серкан Мурат ва Кристиан Карамбё. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Серкан Мурат Жаҳон кубогини Ўзбекистонга олиб келишдан асосий мақсад мамлакатда бўлаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш эканлигини таъкидлади. Шунингдек, ушбу тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон аренасидаги имижини ошириши таъкидланди. «Иккинчидан, футбол бўйича жаҳон чемпионати одамларни, айниқса, ёшларни бир-бирига боғлаб турувчи восита бўлиб, у барчага қувонч, завқ, умид бағишлайди. Шундай қилиб, биз Ўзбекистонга ушбу қувонч, умидни олиб келиш, мамлакат ёшларини руҳлантириш учун Жаҳон кубоги саёҳатини Ўзбекистонга қадар узайтирдик», — деди у.

Шунингдек, у мазкур ташриф сўнгги эмаслигини, келажакда кубок 3-бор ҳам Ўзбекистонга олиб келиниши мумкин эканини қўшимча қилди.

Тақдимот давомида меҳмонлар тадбирдан ташқари Қатарда ўтадиган Жаҳон чемпионатида қайси давлат жамоаси ғолиб бўлиши ҳақида ҳам ўз фикрларини айтиб ўтди.

Хусусан, франциялик Кристиан Карамбё мазкур мусобақа фаворити Франциялигини ва унинг ғолиб бўлишини айтган бўлса, Карлес Пуйоль ҳам буни инкор этмади, бироқ у Испаниянинг ёш таркибидан ҳам умид қилишини, авлодлар алмашинувидан сўнг энди-энди шаклланиб келаётган футболчиларга ишонч билдирди. Серкан Мурат эса бу галги чемпионлик Бразилия терма жамоасига насиб этишини тахмин қилди. Равшан Эрматов эса, фаворитлар ҳақида сўралганда, ҳазиломуз тарзда улар орасидан Ўзбекистон дейишни исташинию, ундай эмаслигини, бироқ бунга умид қилишини айтди.


Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Шундан сўнг, футбол юлдузи Кристиан Карамбё Равшан Эрматовга Ўзбекистон футбол ассоциацияси музейи учун ФИФАнинг махсус совринининг кичик нусхасини совға қилди.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Кун давомида жаҳон кубогини меҳмонлар ўзбекистонлик ёш футболчиларга намойиш этди ва мастер-класс ўтказиш учун «Бунёдкор» академияси майдонига борди.


«FIFA World Cup Trophy Tour» ҳақида

ФИФА Жаҳон чемпионати кубоги соф олтиндан ясалган бўлиб, унинг оғирлиги 6,142 кг. Унда ер шарини баланд кўтариб турган икки инсон қиёфаси тасвирланган. Унинг ҳозирги дизайни 1974 йилга бориб тақалади. Ушбу кубок — дунёдаги энг машҳур спорт тимсолларидан бири ва уни фақат собиқ ғолиблар ҳамда саноқли одамлар ўз қўли билан ушлаб туриши мумкин (ФИФА Жаҳон чемпионлари ва давлат раҳбарлари).

Қоидаларга кўра, кубокнинг асл нусхаси ФИФАда қолиши керак ва уни тўғридан-тўғри қўлга киритиб бўлмайди,чемпионатда ғолиб чиққан жамоа ҳақиқий кубокни вақтинча ўзида сақлаб қолади.