Сўнгги йилларда Ўзбекистонга кўплаб хорижий, ва айниқса, Россия компаниялари кириб келмоқда. Россияликлар орасида Ўзбекистонда нафақат катта бизнес, балки кичик бизнес эгалари ҳам, жумладан, озиқ-овқат етказиб бериш, ресторанлар, финтех (молия соҳасидаги технологиялар) соҳаларига кириб келишди. «Ўзбекистондаги ҳар олтита бизнеснинг биттаси россияликларга тегишли», — дейилади РБК томонидан эълон қилинган россияликларнинг Ўзбекистонда қандай бизнес қилаётганликлари ҳақидаги мақолада. «Газета.uz» сизга ушбу мақоланинг ўзбек тилидаги таржимасини тақдим этади.

Ўзбекистонда тадбиркорлик

Ўзбекистон бозорига Россиянинг турли катта ва кичик компаниялари кириб келмоқда. Мисол учун 2022 йил февраль ойида Ўзбекистонга Wildberries онлайн-ритейлери кириб келди, бу ушбу компаниянинг 20-мамлакатдаги филиалининг очилиши эди.

«Онлайн платформамизда харидларга бўлган қизиқиш юқори эканлигини кўрмоқдамиз: апрель ойида Ўзбекистонда март ойига нисбатан уч баравар кўпроқ маҳсулот харид қилинди. Кўпинча улар косметика ва парфюмерия, китоблар, кийим-кечак, пойабзал ва ўйинчоқларга буюртма беришади», — дейди Wildberries матбуот хизмати. Ҳозирда Ўзбекистонда Wildberries`нинг ўнта нуқтаси мавжуд, компания Zoodmall, Abad, Bulavka, Sello каби маҳаллий компаниялар билан рақобат олиб боради.

Шунингдек Россиянинг Broniboy номли етказиб бериш хизмати ҳам 2022 йил бошидан буён Ўзбекистонда фаолият олиб бормоқда. Ушбу стартапнинг асосчиларидан бири Александр Радионов Ўзбекистонни танлашига сабаб бу ерда вакиллик очишга ёрдам берадиган ҳамкорларининг борлиги бўлганлигини айтади. «Бу ерда иқтисодиёт ривожланмоқда, бизнес эса 2000-йилларнинг ўрталарида Россия даражасидагидек, давлат эса ривожланишга ҳалақит қилмайди, бу жуда муҳим», — дейди у. Ўзбекистондаги Broniboy жамоасининг 60 фоизи, жумладан директор ва логистика бўйича бош мутахассиси ҳам ўзбекистонликлардир.

Хизмат раҳбарияти аввало Ўзбекистонда ишлаш имкониятига шубҳа билан қарашган, чунки бу ерда ресторанлардан озиқ-овқат етказиб бериш соҳаси ривожланмаган: мамлакатда олтита бундай хизматлар бор, бироқ улар агрегатор сифатида ишлайди, уларга буюртма учун жавобгар бўлмаган учинчи томон курьерлари қўшилиши мумкин. «Ресторанларга хизматимизнинг аҳамиятини тушунтириш керак бўлган шароитдаги ривожланмаган бозорда ишлаш қийин», — дея тушунтиради Радионов.

«Яхши томони шундаки, ресторанлар бизга нафақат буюртма нархи бўйича комиссия тўлашга, балки мижозларга етказиб бериш харажатларини ҳам ўз зиммаларига олишга тайёрликларини билдиришди. Биз ҳеч қаерда бунинг гувоҳи бўлмаганмиз».

Радионов бошқа қийинчиликлар қаторида дастурий таъминотни маҳаллийлаштириш заруратини — уни ўзбек тилига таржима қилиш керак бўлганлигини ва Россиядагига қараганда сустроқ ривожланган онлайн тўлов тизимини айтиб ўтди. Курьерларни топишда ҳеч қандай муаммо бўлмади: Broniboy уларни мессенжерлар ва «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги гуруҳлар орқали топган. «Ўзбекистонда ҳали ҳам эълон тахталари мавжуд, уларда ходимлар қидирилаётгани ҳақида эълонлар жойлаштирилади», — дейди Радионов.

Унинг айтилишича, ҳозирда Broniboy`нинг Ўзбекистондаги офисида етти киши ишлайди, базада 50 дан ортиқ курьер бор, 20 таси смена алмашиб ишлайди. Ҳамкор ресторанлар сони эса 60 га яқин бўлиб, улар орасида Россия франшизалари ҳам бор. Радионовнинг сўзларига кўра, курьерга тўланадиган соатлик тўлов ва буюртма нархидан келиб чиқадиган етказиб бериш нархи Россиядагидан 30−40% га пастроқ. «Ҳаммаси келишувга боғлиқ: назарий жиҳатдан ҳар бир тийинни ҳисоблаши керак бўлган арзон ресторан 30% тўлашга тайёр бўлиши мумкин, қиммат ресторан эса атиги 15% тўлашга тайёр бўлади», — дея аниқлик киритди Радионов. Хизмат b2b сегментида ҳам ишлайди, аутсорсинг (келишув асосида маълум бир ташкилотнинг хизматларини амалга ошириш) орқали курьерлик хизматларини тақдим этади. Мисол учун, Broniboy апрель ойи охирида Тошкентда MCosmetic дрогери фоматидаги дўконини очган Россиянинг «Магнит» ритейлери билан ҳамкорлик тўғрисида келишиб олган ва у ердан буюртмалар етказиб бермоқда. Корхонада кунига ўртача 20 та тайёр озиқ-овқат буюртмаси амалга оширилади (ҳозирча фақат пойтахтда).

Радионовнинг айтишича, компания ўзбек бозорига 300 минг доллар киритишга қарор қилган. Ишни йўлга қўйиш учун эса 100 минг доллар кетган. Broniboy`нинг мақсади 2022 йилнинг учинчи чораги бошланишига қадар кўрсаткичларни Тошкент бўйлаб кунига 150−200 та озиқ-овқат буюртмасигача кўтаришдир. «Иқтисодиётнинг ўсиши бизнинг асосий ўсиш драйверимиз бўлишини кутаяпмиз, чунки энди мамлакатга ҳукуматнинг янги инвестицияларни жалб қилишдаги ёрдами билан сармоя киритишга қарор қилган кўплаб россияликлар кириб келади», — дейди Радионов. «Қолаверса, хизматларни рақамлаштириш масаласи: ҳозир Ўзбекистонда иккита тугмани босиш орқали буюртма бериш камдан-кам ҳолат, одамлар ҳалигача телефон орқали буюртма беришади. Бу биз учун афзаллик бўлиб қолади: одамлар иловани юклаб олишлари, картани боғлашлари ва буюртма беришлари мумкинлигини тушунишни бошлашади».

Ўзбекистон бозорига киришга қарор қилган тадбиркорлар учун Радионов, биринчи навбатда, ўша ерда иш тажрибасига эга бўлган жамоа учун маҳаллий ходимлар захирасини шакллантиришни маслаҳат беради.

IT соҳаси

Oprosso номли сўровнома ўтказиш ва фикр-мулоҳазаларни йиғиш платформаси 2021 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ўзбекистон бозорида фаоллашиб бормоқда. Компаниянинг раҳбари ва асосчиларидан бири Сергей Юрченко Ўзбекистонни танлаганига мамлакатда 2015−2020 йилларда ўтказилган муҳим иқтисодий-сиёсий ислоҳотлар туртки бўлганлигини айтади.

«Масалан, Ўзбекистонда банк секторини тартибга солиш ва тижоратлаштириш ишлари, солиқ ислоҳоти амалга оширилди, бу эса солиқ юкини камайтирди ва экспорт операцияларини амалга оширишни осонлаштирди», — дейди у. Бизнес юритиш осонлиги бўйича жаҳон индексида Ўзбекистон 2015 йилдаги 146-ўриндан 2020 йилда 69-ўринга кўтарилиб олди.

Компания ҳозирча Ўзбекистонда юридик шахс сифатида фаолият юритмайди: савдо Беларусдаги филиал ва бу ерда бизнес юритувчи ҳамкорлар орқали амалга оширилади. «Биз мамлакатда юридик шахс очишни режалаштирмоқдамиз, аммо бу 2022 йил натижаларига ва мижозлар сонига боғлиқ», — дейди Юрченко. «Биз IT-Park`га аъзо бўлиш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз — бу IT-компаниялар учун бир қатор имтиёзлар беради».

Oprosso Ўзбекистонга киришда дуч келган қийинчиликлар: тил билан тўсиқлар ва масофавий ишлаётган ходим устидан назоратни йўқотиш хавфи бўлди. Тадбиркорнинг таъкидлашича, Oprosso маҳаллий бозор учун янгилик (асосий рақобатчилар — консалтинг компанияларидир), шунинг учун мижозларга хизмат аҳамиятини тушунтириш ишларини ривожлантириш талаб этилади. Ҳозир компания Ўзбекистоннинг энг йирик банкларидан бири ва мобил алоқа операторларидан бири билан ҳамкорлик қилмоқда. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, компания маҳаллий бозорга чиқиш учун бир неча ўн минглаб доллар сармоя киритган. «Биз фаолиятнинг биринчи йилиданоқ даромад оламиз, деб умид қилаяпмиз», — дейди Юрченко.

Саноат ва қурилиш учун IT-ечимларни таклиф қилувчи россиялик «Аскон» компанияси учун 2022 йил апрель ойида Ўзбекистон бозорига кириш иккинчи уриниш бўлди. Компаниянинг барча ҳудудий офисларини бирлаштирган «Аскон-Интеграция» бизнес директори Анатолий Гуревичнинг тушунтиришича, «Аскон»нинг минтақавий офиси Тошкентда аллақачон фаолият юритиб келган, аммо 2010 йилларнинг ўрталарида у маҳаллий валютани тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари туфайли ёпилган ва Қозоғистондаги офиси, ҳамкор канали орқали мамлакатда ишлаб келган.

Ўзбекистонда сўнгги икки-уч йил ичида янги технологияларга қизиқиш ортиб бораётгани, саноат ишлаб чиқариши жадал ривожланаётгани, янги маҳалла ва шаҳарлар барпо этилаётган экан, бунинг барчаси учун замонавий IT-ечимлар зарур. «Шунинг учун 2022 йилда биз Тошкентда офисимизни қайта очдик», — дея давом этади Гуревич. «Бундан ташқари, Россиядан келган компаниялар учун Ўзбекистонда бизнес юритиш бўйича шароитлар янада қулайлашди. Биз бизнесни рўйхатдан ўтказишда ҳеч қандай қийинчиликларга дуч келмадик: „Аскон“ бунинг учун маҳаллий ҳамкорни жалб қилди ва ҳаммасини тез ҳал қилди».

Гуревичнинг сўзларига кўра, компания бошқа жиддий қийинчиликларга дуч келмаган: ҳозирда корпоратив секторга IT-ечимлар таклиф қилиш соҳаси учун қулай муҳит юзага келган. Унинг айтишича, рақобат муҳити ҳар доим яхши натижа беради. «Россия бозорида бу вазиятни 2000−2010 йиллардаги шароит билан солиштириш мумкин», — дея таъкидлади у. — «Асосий рақобатчи бўлган лицензиясиз дастурий таъминот улуши юқори. Ғарбий IT-ечимлар алоҳида саноат корхоналарида тақдим этилади ва улар бу ерда кенг тарқалмаган».

Гуревич бизнесни очиш ва ривожлантириш учун киритилган инвестициялар миқдорини айтмади, лекин бизнес-режага кўра 2025 йилгача сармоя киритиш назарда тутилганини таъкидлади. «Шу кунгача биз Россия стандартлари бўйича жуда оддий бўлган айланмага эришишни — йилига 500 минг доллар даромад кўришни режалаштирмоқдамиз», — дейди у.

Каршерингсиз мамлакат

«Ўзбекистон тез ўрганмоқда», — дейди ўз кузатувлари билан ўртоқлашган Дмитрий Васильев. Унинг таъкидлашича, аҳоли сонининг ўсиши туфайли мамлакат савдо бозори сифатида қизиқиш уйғотмоқда. Ўзбекистонда Қирғизистонга нисбатан беш баравар ва Қозоғистонникига қараганда салкам икки баравар кўп аҳоли яшайди. «Бу ерда буюртма бериб, бир неча кун кутиш ўрнига, дарҳол келиб товарлар харид қилишингиз мумкин бўлган безатиш материаллари ва йирик қурилиш материаллари дўконлари етишмайди», — дейди у.

«Каршеринг (таҳр. — carsharing — енгил автомобилни ижарага бериш ёки биргаликда фойдаланиш хизмати) ривожланмаган, гарчи KFC фаст-фудлари маҳаллий бозорга бир неча йил олдин кирган бўлса ҳам, халқаро ошхоналар ва овқатланиш тармоқлари етарли эмас», — деди Дмитрий Васильев.

Ўзбекистонда 2004 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган «Ўзбекистон дўстлари клуби» ижтимоий ҳаракати раиси Владислав Коваленконинг айтишича, ҳозир мамлакатда туризм ривожланмоқда, шу боис бу ерда меҳмонхона ва дам олиш учун уйлар қуриш бизнеси талабга эга. «Аммо турар-жой ва тижорат биноларини қуриш бозори аллақачон бўлиб олинган: бу ёки маҳаллий компаниялар, ёки маҳаллийлар билан ҳамкорликда ишлаётган турк компаниялари», — дея таъкидлайди у. «Умумий овқатланиш тармоқлари соҳаси нисбатан бўш, рус рестораторларининг корхоналари аллақачон пайдо бўлмоқда, масалан, яқинда Аркадий Новиковнинг „Сыроварня“ ресторани очилди. Логистика компанияларининг истиқболи катта: Россия корхоналари Ўзбекистон рақамлари билан Европа давлатларига саёҳат қилиш учун қайта рўйхатдан ўтишлари аниқ. Тўқимачилик саноатига кириш қийин эмас: тикувчилик учун ишлаб чиқариш қувватлари фаол қурилмоқда, маҳаллий фабрикалар йирик буюртмачилар билан ишлашга тайёр. Тошкентда велосипед ва электроскутерларни ижарага бериш суст ривожланган, аммо бу транспорт тури учун инфратузилма ҳали мавжуд эмас», — дейди Владислав Коваленко.

Васильевнинг сўзларига кўра, гарчи Ўзбекистонда маҳаллий гўшт, сабзавот ва мевалар нархи Россияникидан арзонроқ бўлса-да, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш учун имкониятлар йўқ. Аммо яқинда ишлаб чиқариш бизнесига кириш нархи ошди: агар илгари 500 минг долларга саноат бизнесини очиш мумкин бўлса, энди бу икки-уч баробар қимматга тушади. Меҳнат учун тўланадиган ҳақ ҳам ошиб бормоқда. «Агар илгари ишчининг маоши ойига 150 доллар бўлган бўлса, энди бундай ишчи 300 доллар олишни хоҳлайди», — дейди Васильев.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ёшларда мутахассисликларни эгаллашга интилиш катта, бу айниқса, вилоятлар ҳудудларида кучлироқ кўзга ташланади, чунки у ерларда катта оилалар мавжуд.

Тадбиркор ҳозирда Ўзбекистонга Россиядан ташқари бошқа давлатлар ҳам сармоя киритаётганига эътибор қаратди: Хитой (2021 йилда жалб қилинган инвестициялар ҳажми 2,2 млрд доллар), Туркия (1,18 млрд доллар), Германия (800,7 млн доллар). «Бу ерда кўплаб муҳожирлар бор, агар хоҳласангиз бизнес учун хорижий ҳамкор топишингиз мумкин», — дейди у. Васильев Ўзбекистон бозорига саноат ўз маҳсулотлари билан киришга қарор қилган ишбилармонларга биринчи навбатда зарур инфратузилмага эга технопарклари мавжуд бўлган учун Тошкент вилоятига эътибор қаратишни маслаҳат берди. Жумладан, бу ерда Тошкент механика заводининг технопарки негизида ташкил этилган Чирчиқ ва Яшнобод инновацион технопарки (иккаласи ҳам пойтахтда) ишламоқда.

«Яхши адвокат ёки адвокатлик фирмасини ёллашни маслаҳат бераман — бу ерда сиз буни ойига 500 долларга қилишингиз мумкин. Афсуски, бу ерда суд-ҳуқуқ тизими ҳозирча яхши ишламаяпти. Мен унинг ишига 10 баллдан 6 баҳо берган бўлардим. Аммо бу бир неча йил олдин, икки баҳога ишлаган пайтларига нисбатан яхшироқ. Бу хорижлик инвестор учун ўз сармояларини ҳимоя қилишдаги ягона камчиликдир», — дея маслаҳат берди тадбиркор.

Ишга қабул қилиш ва бизнес музокаралари борасида Ўзбекистоннинг ўзига хос хусусиятлари бор. Бу ерда «сарафан радиоси» кўпроқ ишлайди, танишлар, қариндошлар, ходимлардан тавсиялар сўралади, — дейди Ўзбекистондаги Ancor халқаро кадрлар гуруҳининг операциялар бўйича менежери Оксана Ткаченко (компания мамлакатда 2018 йилдан бери ишлайди; 2021 йилда Ўзбекистонда товар айланмаси 11 млрд сўмдан ошди).

Ишчи ходим қидириш ёки профессионал рекрутерлар (HR-менеджер) ёрдамида ишчи ёллаш сайтларига талаб ошмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар кўпайиб бормоқда, уларда ходимларни қидириш учун гуруҳлар ва чатлар ташкил этилади. Ткаченко Россия компаниялари учун офис очиш ёки банк ўтказмаси орқали ишлайдиган пудратчиларни топиш учун ҳаракатни ташкил қилиш қийин эканлигини таъкидлади. «Тўловлар нақд пулсиз қилинадиган бўлса, нархлар анча юқори бўлади», — дейди у. Музокаралар жараёнига таъсир қилувчи менталитет ва турмуш тарзида ҳам ўзига хослик мавжуд. «Бу ерда қарорлар фақат шахсий мулоқот пайтида, йиғилишларда, шошмасдан қабул қилинади», — деб изоҳлади Ткаченко. «Ҳеч ким телефон орқали ёки ёзишмаларда ҳеч нарсани муҳокама қилмайди — ҳамма нарсада шахсий алоқа талаб қилинади, ҳаммасини шахсан айтиш керак».

Ишлаб чиқаришдан ташқари бошқа бўш соҳаларга келсак, 2022 йил март ойи бошида Тошкентга кўчиб келган венчур сармоядор, «Спроси VC» лойиҳаси яратувчиси Денис Калишкиннинг сўзларига кўра, биринчи навбатда рақамли касблар, b2b савдоси, киберхавфсизлик ва Ислом молияси, яъни «муллалар томонидан маъқулланган» молиявий операциялар бўйича онлайн тренингларни айтиш мумкин. Ўзбекистон Венчур капитали ассоциацияси раиси Дилшод Зуфаровнинг сўзларига кўра, катта салоҳиятга эга учта асосий йўналиш — бу финтех (молиявий технологиялар), онлайн таълим ва тиббий технологиялардир.

A.Partners инвестиция компанияси асосчиси Алексей Соловьёвнинг фикрига кўра, «Ўзбекистон венчур модель бўйича ривожланаётган компаниялар учун мустақил бозорга айланиши даргумон».

«Баъзи ҳолларда, битта мамлакат алоҳида савдо бозорини ифодалаши мумкин ва баъзи ҳолларда бундай бўлмайди», — дея тушунтиради Алексей Соловьёв. «Биринчилар қаторига, масалан, АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Хитой киради. Кичикроқ мамлакатларда эса аҳоли сонининг унчалик катта бўлмаганлиги сабабли 100 млн доллар капиталга эга жиддий ўйинчиларнинг пайдо бўлишига имкон бўлмайди. Ўзбекистонни бунга мисол қила оламиз. Бу ерда барча машҳур бизнес моделларини амалга ошириш мумкин, аммо бу венчурга мос бизнес бўлмайди», — дея таъкидлайди у. Ўзбекистон қўшни ҳудудларга чиқиш платформасига айланиш имкониятига эга. У ерда кейинчалик Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасигача кенгайиш учун лойиҳалар амалга ошириш имкони мавжуд, — дейди Соловьёв. Шундай қилиб, Марказий Осиё давлати узоқ хорижга чиқиш учун кўприк бўлиши мумкин.