Давлат активларини бошқариш агентлиги Uzpaynet компаниясини хусусийлаштириш бўйича консалтинг компанияси (консультант) танлаб олиш мақсадида танлов ўтказилиши ҳақида хабар берди. Давлат компания устав капиталидаги 100% улушини сотишни режалаштирмоқда.

Барча қизиқиш билдирган талабгорлар таклиф тақдим этиш учун сўровномага (RfP) асосан тижорат таклифларини жорий йил 1 июль куни соат 18:00 га қадар тақдим этишлари мумкин. Телекоммуникация соҳасида тажрибага эга маслаҳатчиларга устунлик берилади.

Консультантлар талаб этилган иш ҳажмини тўлиқ бажариш учун консорциумга киришлари ёки биргаликда қўшма таклифлар тақдим этишлари мумкин.

Агар консорциум томонидан ариза тақдим этилса, консорциум битими тақдим этилиши керак. Агар, биргаликда қўшма тижорат таклифи тақдим этилса, жалб қилинган шерик-консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрсатилиши лозим.

Компания ҳақида

«Uzpaynet» МЧЖ — Paynet тўлов тизимининг оператори ҳисобланади. Унга 2005 йилда тадбиркор Ботир Арифжонов асос солган, бироқ, орадан озроқ вақт ўтиб уни давлатга сотиб, компаниядан ҳам кетди.

Ҳозирда тизим 390 дан ортиқ турдаги хизматларни кўрсатиб келмоқда. Шу жумладан, Paynet.uz мобил иловаси орқали барча коммунал тўловларни амалга ошириш мумкин.

Компаниянинг республика бўйича 21 000 та тўлов пунктлари хизмат кўрсатмоқда. Ҳар куни 1,3 миллиондан ортиқ фойдаланувчи Paynet тизими орқали тўловларни амалга оширади.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

2021 йил якуни бўйича устав капитали 378,5 млн сўмни, соф активлари — 71,8 млрд сўмни, соф фойдаси эса — 94,6 млрд сўмни ташкил этди.