Карантин остидаги ўсимлик маҳсулотларини олиб кириш ва чиқиш қоидаларини бузганларни эндиликда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги назорат қилади. Бу ҳақда 24 май куни Ўзбекистон ркеспубликаси қонуни қабул қилинди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Шунингдек, агентлик ўсимликлар карантини объектларига ва бошқа зарарли организмларга қарши курашишга доир фитосанитария талабларини бузганларни маъмурий жавобгарликка тортади. Бу ишни агентликнинг бош директори ҳамда ўринбосари, Қорақалпоғистон ва вилоятлар бўлимлари бошлиқлари ва ўринбосарлари ҳамда туман (шаҳар) бўлим бошлиқлари бажаради.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, карантин остидаги маҳсулотларни Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш қоидаларини бузиш — фуқароларга БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн 350 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 10 бараваригача (2 млн 700 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Фитосанитария талабларини ҳамда бошқа қоидаларни карантин остидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш, реализация қилиш ва йўқ қилиш чоғида бузиш — фуқароларга БҲМнинг 3 бараваригача (810 минг сўмгача), мансабдор шахсларга 5 бараваригача (1 млн 350 минг сўмгача) жарима солинишига сабабчи бўлади.

Бундан ташқари, агентлик минерал ўғит ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун ишлатиладиган кимёвий воситаларнинг улгуржи ва чакана савдо қилувчиларга лицензия беради. Шунингдек, мазкур кимёвий воситаларни олиб кириш учун ҳам агентликдан рухсатнома олиш керак бўлади.

Мазкур қонун расмий эълон қилинган кунидан 3 ой ўтгач кучга киради.